Қирғизистонда Россия томонида туриб Украина урушида қатнашган шахс 10 йилга қамалди
Олам
−
17 Май 2023
10617Бишкек суди Россия томонида туриб, Украинадаги урушда қатнашган Қирғизистон фуқаросини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.
Қайд этилишича, Бишкекнинг Первомай туман суди Украинада жанг қилган қирғизистонликни бошқа давлатларнинг қуролли тўқнашувида иштирок этгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, 2022 йил июнь ойида 30 ёшли айбланувчи Россия фуқаролигини олиш учун тан олинмаган Луганск Халқ Республикаси қуролли кучлари сафига қўшилган. Ўтган йилнинг июль ойида у Брянка шаҳрига келган ва 180 000 рубль (25,6 миллион сўм) маош билан жанговар машина командирининг ўринбосари лавозимида хизматга қабул қилинган.
Айбланувчи эркак Соледар шаҳридаги фронтнинг олдинги чизиғига миномёт қурилмалари ва ўқ-дориларни олиб борган. Бироқ, сентябрь ойида у Попасная шаҳрига кўчирилган ва у ерда миномёт таъминотидан ташқари, ЛХР ҳарбий гуруҳларини моддий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериш билан шуғулланган.
У 2022 йил ноябрь ойида ҳарбий хизматдан бўшатилган. Шундан сўнг у Москвага қайтиб, Бишкекга жўнаб кетган.
Айбланувчи айбига иқрор бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, у фақат ЛХР ҳудудида бўлган ва ҳеч қачон жанговар ҳаракатларда қатнашмаган, бутун хизмат давомида ҳарбий комиссарликда бўлган.
Қирғизистонлик судда касал отасига ғамхўрлик қилиш мақсадида ватанига қайтиш учун ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзганини айтган.
Шу йилнинг 12 январь куни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси ходимлари Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганликда гумон қилиниб, бир нафар фуқаро қўлга олинганини маълум қилган. Бироқ гумондор қайси тарафда туриб, урушда қатнашгани очиқланмаган.
Мамлакат Жиноят кодексига кўра, қирғизистонликларга бошқа давлатларнинг ҳарбий можароларида қатнашиш тақиқланган. Қонунни бузганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
LiveБарчаси