Қирғизистонда кучли сел туфайли бозор ва йўлларни сув босди (видео)
Олам
−
14 Июль
13187Қирғизистоннинг Ўш вилояти ва Ўш шаҳрида кучли сел содир бўлди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Сел кўчкилари бозорлардаги автомобилларни олиб кетган. Йўллар ҳамда бозор ичи сув билан тўлган. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, сел тошқинлари бугун, 14 июль куни соат 14:00 атрофида кучли ёғингарчилик туфайли Толойкон қишлоғи ва “Бўрибой-ота” дам олиш масканида кузатилган. Воқеа жойига 46 нафар қутқарувчи етиб борган ва жойларда қолиб кетган 420 киши эвакуация қилинган.
Кучли ёғингарчилик туфайли сел сувлари Оқ-Бура дарёси қирғоқларидан чиқиб, шаҳар кўчаларини, жумладан, Зайнабидинова кўчасида жойлашган бозорни сув босган.
Воқеа гувоҳлари томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирган видеолавҳаларда марказий бозорда товар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сувда қолиб кетгани, бир нечта автомобилларни cув оқизиб кетаётгани, одамлар хавфсиз жойга етиб олиш учун қияликдан тушишига тўғри келганини кўриш мумкин.
Ўш вилоятида табиий офат Қорасув туманининг Асанчек ва Манас қишлоқларида қайд этилган. Уйлар, ҳовлилар ва кўчаларни сув босган. Ўш-Гулча-Иркештом йўли вақтинча ёпилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқармалари ва фуқаро муҳофазаси хизматлари фуқароларни эвакуация қилмоқда.
Бундан ташқари, Ноокат тумани Жийде қишлоғида Ўш –Баткен – Раззоқов автомобиль йўлининг 57-километрида сел содир бўлган. Шу сабабли йўналиш вақтинча ёпилган. Сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўш вилоятининг Ноокат туманида содир бўлган сел оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси