Қирғизистон ва Тожикистондан олиб кирилаётган наркотиклар мусодара қилинди

3-саҳифа

image

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жами 56 килограмм “опий” ва “гашиш” гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дастлаб Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тожикистондан мамлакатга контрабанда йўли билан ўтказилган 4 кг 810 гр “опий” ва 42 кг 892 гр “гашиш” моддалари тўхтатиб қолинган.

Аниқланишича, марғилонлик муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган шахс таниши билан бирга чегара назорат ўтказиш пункти орқали Тожикистоннинг Сўғд вилояти Зафаробод туманига борган. У ерда маҳаллий наркосавдогар билан учрашиб, юқорида келтирилган моддаларни 10 минг АҚШ доллари эвазига Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудига ўтказиб беришга келишган. Аммо курьерлар наркотик моддаларни давлат чегарасидан ўтказган вақтларида қўлга олинган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида ўтказилган текширув давомида бир фуқаронинг уйидан 6 кг 403 гр “опий” моддаси топилган. Ушбу наркотиклар ҳам Тожикистондан олиб келинган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида андижонлик муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган 2 нафар фуқаро 1 кг 399 гр “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган. Бу ҳолатда наркотик модда Қирғизистондан олиб келинган.

Шу билан бирга, Андижон шаҳрида яшовчи муқаддам судланган 3 нафар шахс ДХХ томонидан қўлга олинган. Уларнинг хонадонлари кўздан кечирилганда Қирғизистондан келтирилган жами 546 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

"Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг