Қирғизистон Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдалангани учун қанча пул тўлайди?

Олам 9678
image

Қирғизистон Жўқорғи Кенеши депутати Улуғбек Содиқов мамлакат Транспорт вазирлигига расмий Бишкек Ўшга учаётган самолётлар қўнишдан аввал Ўзбекистон ҳудудига кириши учун қанча пул тўлаши ҳақида сўров юборди.

“Самолёт Ўшга қўниш пайтида Ўзбекистон ҳудудига кириб, Андижон атрофида айланиб юргани мен учун катта жумбоқ. Аммо баъзиларнинг айтишича, кириш-чиқиш ва ижара учун кўп миқдорда пул тўланади. Бу тўғрими?”, дея сўраган депутат Улуғбек Содиқов.

Фуқаро авиацияси агентлиги директори Бақит Жунушалиев бу ҳақиқат эмаслигини таъкидлади.

Транспорт вазири Гулмира Абдралиеванинг айтишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ҳаво майдонини ўзаро тан олиш тўғрисида 2018 йилда битим имзоланган. Унга кўра, Қирғизистон Ўзбекистон ҳаво майдонидан фойланганлиги учун пул тўламайди.

“Ҳа, биз парвоз ва қўниш вақтида Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланамиз, аммо бу бепул”, деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида томонлар чегара масаласини ҳам муҳокама қилди ва 3 ой ичида ўзбек-қирғиз чегара муаммоси тўлиқ ҳал этилиши белгиланди.

Кейинроқ, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ҳукумати делегацияси раҳбари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Тошкентга келди. Томонлар музокараси натижасида икки давлат чегара муаммоси 100 фоиз ҳал этилгани айтилди. Ташиев икки кунлик музокараларда Қирғизистон 8 минг гектар ҳудудни қўлга киритганини таъкидлади.

Диёра Абдураҳмонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 368
Рейтинг: 3
t
×