Қирғизистон Туркиянинг Bayraktar’ларини синовдан ўтказишни бошлади
Олам
−
31 Март 2022
6273Қирғизистонда ҳарбий-тактик машғулотлар бошланди. Ушбу машғулотлар давомида турклардан харид қилинган Bayraktar TB2 ҳужумкор учувчисиз учиш аппаратлари қўлланилади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Бугун, 31 март куни Иссиқкўл вилоятида “Қалқон – 2022” махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказиляпти. Қирғизистон Республикаси Президенти, Қуролл Кучлар Олий Бош Қўмондони Садир Жапаров Мудофаа вазирлигининг Балиқчи шаҳридаги “Эделвейс” ўқув маркази базасида ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кузатмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўқув машғулотларида республика тарихида илк бор Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматида бўлган Bayraktar TB2 зарбдор дронлари қўлланилади.
Машқлардан асосий мақсад эса Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органларининг давлат чегараси участкасида қўзғолонни амалга оширган сохта душманни йўқ қилиш бўйича ҳаракатларининг уйғунлигини ишлаб чиқишдан иборат. Машғулотларда МХДҚ, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликларининг ҳарбийлашган бўлинмалари иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон ўтган йили Туркиядан бир нечта Bayraktar TB2 дронларини сотиб олган ва улар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Bayraktar TB2 дронлари 2019 йил июнь ойида Ливияда, 2020 йил мартда Сурияда, 2020 йил июнь ойида Тоғли Қорабоғ урушида қўлланилганди, ҳозир эса Россия ҳужуми остида қолган Украина ҳам ушбу учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланяпти.
LiveБарчаси