Қирғизистон Туркия ва Россиядан ҳарбий дронлар сотиб олмоқчи
Олам
−
22 Октябрь 2021
4264Қирғизистон ҳукумати яқин кунларда Россия ва Туркиядан бир нечта учувчисиз ҳарбий самолётларни сотиб олади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазир ўринбосари, республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Тошиев бугун, 22 октябрь куни Қирғизистоннинг “Region TV” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Агар илгари Қирғизистон ҳарбий техникани фақат ёрдам шаклида олган бўлса, ҳозир бунинг учун бюджетдан пул ажратилган. Бундан ташқари, биз Туркия ва Россиядан дрон сотиб олишни режалаштирганмиз. Ҳарбийларимиз эса Туркияда тайёргарликдан ўтмоқда”, дейди Қамчибек Тошиев.
Унинг сўзларига кўра, Туркияда Қирғизистон учун айнан “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий самолётлари тайёрланмоқда.
“Биз, аллақачон ушбу техника учун маблағ ажратганмиз. Туркияда биз учун “Bayraktar” дронлари тайёрланмоқда”, дейди у.
Тошиевнинг қўшимча қилишича, Қирғизистон, шунингдек, Россиянинг “Орлан-10” учувчисиз ҳарбий самолётини ҳам сотиб олади.
Кеча, 21 октябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров республика келаси йилнинг баҳорида эскирган ва ишдан чиққан қуролларни тўлиқ алмаштиришини айтди.
“Бу можарога тайёргарлик эмас, балки мамлакатимиз хавфсизлигини сақлашга тайёргарлик”, деб тушунтириш берганди давлат раҳбари.
Маълумот ўрнида, “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппарати анъанавий қирувчи самолётларга нисбатан бир қанча устунликка эга. Хусусан, юқори ҳаракатчанлик: ҳавога кўтарилиш ва қўниш учун кенг майдон талаб этилмайди. Аппарат кичик ва енгил бўлгани учун кам ёқилғи ва техник таъминот талаб этилади, қурилмадан ноқулай об-ҳаво шароити ва фавқулодда вазиятларда ҳам фойдаланиш мумкин, ундан фойдаланишда юқори малакали учувчи кадрлар талаб қилинмайди.
Фото: “Bayraktar TB2”
Ушбу қурилма Туркиянинг “Baykar Makina” компанияси томонидан 2014 йилдан бери ишлаб чиқарилади. Дунё бўйлаб 100 га яқин шундай қурилма мавжуд бўлиб, улар Туркия, Қатар, Озарбайжон ва Украинанинг Ҳарбий Ҳаво кучлари томонидан эксплуатация қилинади. “Bayraktar” учувчисиз аппаратининг бир комплекти нархи тахминан 70 миллион АҚШ доллари туради.
Фото: “Орлан-10”
“Орлан-10” – Россиянинг кўп функцияли учувчисиз комплекси, у каттароқ қурилмалар етиб бориши қийин бўлган жойларда объектларни кузатиш учун мўлжалланган. Ушбу комплекснинг нархи – 87 мингдан 120 минг АҚШ долларигача.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15