Қирғизистон Тожикистонга норозилик нотаси топширди
Олам
−
16 Сентябрь 2022
5897Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 16 сентябрь куни Тожикистон вакилларига икки давлат чегарасида кескинлик кучайгани муносабати билан норозилик нотасини топширди.
“2022 йил 16 сентябрь куни вазирлик биносида тожик томонининг ноқонуний ва бузғунчи ҳаракатлари юзасидан тожик томонига норозилик нотаси топширилди”, дейилади Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, Қирғизистон томони “барча эришилган келишувларга қатъий риоя қилишни, ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий қисмларни олиб чиқишни, шунингдек, чегара ҳудудларида вазиятнинг кескинлашувига олиб келиши мумкин бўлган вазиятни яратмасликни талаб қилган”.
“Чегарада юзага келадиган барча муаммолар фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши керак”, дея хулоса қилган республика ТИВ.
Қирғизистон томонининг маълум қилишича, бугун куни эрталаб Тожикистон Қирғизистон чегара отрядларини Эки-Тош, Чир-Добо, Қум-Мозор, Кулунду, Мақсат, Жани-Жер ва Орто-Бўз ҳудудларида, шунингдек, “Самарқандек” постида ўққа тута бошлаган. Бишкекнинг хабар беришича, отишмаларда 18 қирғиз аскари яраланган.
Икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси