Қирғизистон тераётган “мева”ларни териб олган бўлардик – Лукашенко карантин нимага олиб келишини айтди

Олам 12742
image

Беларусда изоляция режими жорий этилмайди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Александр Лукашенко айтган.

"Бугун коронавирус билан боғлиқ вазият ривожланиб бораётган бўлса ҳам, мамлакатда изоляция режими жорий этилмайди ва мамлакат ёпиб қўйилмайди. Агар шундай қилганимда биз март, февраль ёки апрель ойида Қирғизистон бугун тераётган" мева"ларни териб олган бўлардик", деди Лукашенко Минскдаги йиғилишда.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, изоляция жорий этилганда, одамлар ишсиз қолишарди ва энг кам иш ҳақига ҳам эга бўлишмасди. Мамлакат иқтисодиёти ҳам қулаб тушиши мумкин эди. 

Маълумот учун, Беларусда коронавирус пандемияси фонида ҳеч қандай карантин, комендантлик соати жорий қилинмаган. Одамларнинг ҳаракатланишига ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Республикада чегаралар ёпилмаган. 

Айни пайтда фуқароларга ижтимоий масофа сақлашни кучайтириш, шахсий гигиенага риоя қилиш ва жамоат жойларида ниқоб тақиш тавсия этилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Беларусда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 81 минг 505 киши коронавирусга чалинган. 874 киши вафот этган. 

Дунёда коронавирусга чалинганлар 36 миллиондан ошган. 1 миллиондан ортиқ киши касаллик асоратлари оқибатида вафот этган

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 459
Рейтинг: 2.9
t
×