Қирғизистон футболчиси украиналик футболчини уриб жағини синдирди
Спорт
−
27 Август
12997Қирғизистон терма жамоаси футболчиси Мирбек Ахматалиев Жалолободнинг “Мурас Юнайтед” жамоасидаги украиналик футболчи билан уришгани учун 5 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқига таяниб, AKIpress хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 август куни Бишкекдаги “Селмаш” стадионида “Мурас Юнайтед” жамоасининг машғулоти вақтида футболчилар билан боғлиқ ҳодиса юз берган. Яъни машғулот пайтида ўзаро тортишув вақтида Ахматалиев клубнинг легионер футболчиси Евгений Терзининг жағини уриб синдирган.
Шундан сўнг, клуб Мирбек Ахматалиев билан шартномани тўхтатишга қарор қилган. Бу билан у 5 йилгача футболдан четлаштирилди.
“Ҳодисада клубнинг хорижлик футболчиси, ярим ҳимоячи Евгений Терзи жароҳат олиб, унинг жағи синган. Ҳодисага сабабчи бўлган клуб футболчиси Мирбек Ахматалиев билан клуб меҳнат муносабатларини тўхтатишга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, воқеа ортидан клубнинг мураббийлар штаби ва спорт директори ҳам ишдан бўшатилган.
Маълумот учун, 30 ёшли Мирбек Ахматалиев 2016 йилда Қирғизистон терма жамоаси сафида дебют қилган ва шундан сўнг жамоа таркибида 4 та ўйин ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик оғир атлетикачи 4 йилга дисквалификация қилинганди.
LiveБарчаси