Қирғизистон Фаластин халқига ёрдам кўрсатишни бошлашга тайёр – Жапаров 

Олам

image

Халқаро ҳамжамият Ғазо секторида тинч аҳолига қилинган ҳужумларни кенг миқёсда қоралаши керак. Бу ҳақда Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров маълум қилди.

"Ғазо секторидаги жанглар Фаластин халқи учун кенг кўламли қурбонлар ва азоб-уқубатларга олиб келди, бу мисли кўрилмаган инсонпарварлик фалокатидир. Бегуноҳ инсонларнинг, жумладан, гўдаклар ва аёлларнинг ҳалок бўлиши қабул қилиниши мумкин эмас ва бу халқаро ҳамжамият томонидан кенг миқёсда қораланиши керак. Фуқаролар инфратузилмасига, мактабларга, шифохоналарга ва уйларга қилинган ҳужумлар нафақат халқаро гуманитар ҳуқуқнинг, балки инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир”, деган Қирғизистон Президенти.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни бошлашга тайёр. 

“Қирғизистон Республикаси Ғазо секторидаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш учун гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр. Фаластинлик биродарларимизни ташқи тажовуз ва бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига чек қўйиш ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни умумий масъулиятимиз деб ҳисоблаймиз”, деган Жапаров.

Унинг таъкидлашича, Фаластин халқи мустақил давлат яратиш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяни Ғазо секторида “зўравонликни тўхтатиш ва инқирозни ҳал қилиш” учун қатъий чоралар кўришга чақиради.

"Можаро томонлари ўз фуқаролари ҳаётини ҳимоя қилишни биринчи ўринга қўйиши ва БМТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамланган халқаро гуманитар ҳуқуқнинг универсал қоидаларини ҳурмат қилиши жуда муҳим. Исроил-Фаластин можаросига ечим излашда адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойиллари асосий роль ўйнаши керак”, деган Қирғизистон раҳбари.

Маълумот учун, кеча, 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахтида Фаластин илтимосига биноан чақирилган Араб Лигаси ва ИҲТнинг навбатдан ташқари қўшма саммити очилган. Саммит Яқин Шарқдаги можаронинг ҳозирги авж олиши бўйича араб ва Ислом давлатларининг жамоавий позициясини ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур саммитда қатнашган Қозоғистон томони Ғазо сектори аҳолисига озиқ-овқат билан боғлиқ гуманитар ёрдам дастурини амалга ошириш учун Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилотидан фойдаланишни таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Фаластин Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг