Қирғизистон билан чегарадаги “Учқўрғон” пости ҳам очилди (фото)
Жамият
−
12 Сентябрь
4173Бугун, 12 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги иккинчи чегара божхона пости “Учқўрғон” (қирғиз томондан “Кенсай”) ҳам очилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур божхона постидан бир кунда ўртача 10 минг нафар фуқаро ўтиши мумкин. У орқали 500 дан ортиқ юкли ҳамда 300 дан ортиқ енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиши кутилмоқда.
Ушбу пост географик жиҳатдан бевосита Қирғизистоннинг “Ўш-Бишкек” довон авто йўлига яқин ҳисобланади.
“Ўзбекистоннинг “Учқўрғон-Автойўл” ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги “Кенсай-Автойўл” назорат-ўтказиш пунктлари сайёҳларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа йўл ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ҳамда Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам “Учқўрғон” чегара пости орқали ҳаракатланиши натижасида Андижон вилояти “Дўстлик” чегара постидаги транспорт оқими 30−40 фоизга камайиши кутилмоқда.
Қўмитанинг билдиришича, мазкур ўтказиш пункти 2016 йилда Қирғизистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида жойлашган “Қорасув” чегара божхона пости 15 йиллик танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини қайта тиклаганди.
LiveБарчаси