Қирғиз-тожик можаросига чек қўйиш бўйича протокол имзоланди

Олам

image

Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги можаро ва унинг оқибатларини тугатиш тўғрисидаги протоколни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди.

“Умид қиламанки, протоколнинг барча бандлари амалга оширилади, қирғиз ва тожик ерларига тинчлик ва тотувлик келади”, дейди Ташиев.

Қайд этилишича, музокаралар Боткен вилоятидаги “Қизил-бел” назорат-ўтказиш пунктида бўлиб ўтган.

Унда Қирғизистон томонидан Қамчибек Ташиев, Президентнинг махсус вакили Абдикарим Алимбаев ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қатнашган. Тожикистон томонидан эса Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов, Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг