Қирғиз-тожик чегарасига КХШТ қўшинлари жойлаштирилиши мумкин

Олам

image

Қирғизистон Тожикистон билан чегарадаги вазиятни юмшатиш мақсадида яқинда можаро ҳолати кузатилган ҳудудга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳарбий контингентини жойлаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон Мудофаа вазири Бактибек Бекболотов маълум қилди.

“КХШТнинг кичик контингенти баҳсли ҳудудларга техникани олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатишни назорат қилиш учун жойлаштирилиши мумкин”, дейди у.

Унинг сўзларига кўра, баҳсли ҳудудлар бўйича Душанбе билан консенсусга эришиш анча қийин бўлади, чунки ҳар бир томоннинг ўз ҳақиқати бор.

Шунингдек, у Қирғизистон-Тожикистон чегарасида КХШТ ҳарбийлари пайдо бўлганидан кейингина, чегарани демаркация ва делимитация қилиш жараёнини давом эттириш мумкинлигини айтган.

“Чегарадаги баҳсли вазият узоқ вақтдан бери давом этмоқда, бунга 30 йил эмас, 98 йил бўлди”, деб эслатган вазир.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон чегарада сўнгги кескинлик жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида кузатилди. 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг