Қирғиз-тожик чегарасидаги низо: Россия икки иттифоқчисини муросага чақирди

Олам

image

Москва Тожикистон ва Қирғизистонни икки давлат чегарасидаги кескинлашувни тўхтатиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Россия томони 16 сентябрга ўтар кечаси навбатдаги қуролли қарама-қаршилик оқибатида яна кучайган қирғиз-тожик чегарасидаги кескин вазиятни хавотир билан кузатишда давом этмоқда. Биз ҳар икки томонни вазиятни сиёсий-дипломатик йўналишга барқарор ўтказиш бўйича шошилинч ва кенг қамровли чоралар кўришга, ҳар қандай кескинлашувга уринишлар, шунингдек, учинчи томонларнинг провокацияларини тўхтатишга чақирамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Россия ТИВ ҳар икки томондан ҳалок бўлган ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

“Маълумотларга кўра, кескинлик зонасида бўлган Россия фуқаролари жабрланмаган. Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятидаги мактабларга юборилган рус ўқитувчилари ҳам, Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти мактабларида ишлаётган россиялик ўқитувчилар ҳам хавфсиз ҳолатда”, дейилади ТИВ ахборотида.

Россия ТИВнинг қайд этишича, можаронинг асосий сабаби қирғиз-тожик давлат чегарасининг бир қатор участкаларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнининг тўлиқ эмаслигидир.

“Шу муносабат билан биз ҳамкорларимиз учун мақбул бўлган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга чин дилдан тайёрмиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг