Эрдўғаннинг азалий рақиби ва ниҳоят “тахтдан туширилди”

Олам

image

Туркия президентлигига собиқ номзод Камол Қиличдорўғли асосий мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси раислигидан маҳрум бўлди. Партия ички қурултойида Ўзгур Ўзел ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.

Кеча, 4 ноябрь куни партия қурултойи бўлиб ўтган. Тунгача давом этган овоз беришда Қиличдорўғли мағлуб бўлган. У партияни 2010 йилнинг май ойидан бери бошқариб келарди. Икки тур овоз беришдан кейин янги етакчи Маниса вилояти депутати Ўзғур Ўзел бўлди. Уни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ҳам қўллаб-қувватлаган. 

“Қурултой делегатларининг қарори билан мен партия раҳбари лавозими билан хайрлашаман ва янги раис Ўзғур Ўзелга муваффақият тилайман”, деб ёзган Қиличдорўғли Х ижтимоий тармоғида.

Маълумот учун, Ўзел фармацевт бўлиб ишлаган. 2011 йилда олий қонун чиқарувчи органга “Жумҳурият Халқ” партиясидан депутат сифатида кирган, 2015 йилда эса фраксия раиси бўлган. У мамлакат конларидан бирида 300 дан ортиқ ишчининг ҳаётига зомин бўлган портлашдан икки ой олдин, кончилар ишлаган жойларда текширув ўтказиш тўғрисида қонунчиларга илтимоснома топширганидан кейин шуҳрат қозонган.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда Ўзел бошчилик қиладиган “Жумҳурият Халқ” партияси Туркиянинг Биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан 1923 йилда ташкил этилган. У Туркиядаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги ҳукмрон “Адолат ва Тараққиёт” партиясидан кейинги энг кучли сиёсий кучдир. Бу йилги парламент сайловларида “Жумҳурият Халқ” Туркия Олий Миллат Мажлисида 169, “Адолат ва Тараққиёт” эса 268 ўринни қўлга киритган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Қиличдорўғли Эрдўғаннинг асосий рақиби эди. Иккинчи турда Эрдўған 27,83 миллион сайловчи (52,18 фоиз), Қиличдорўғли 25,5 миллион (47,82 фоиз) сайловчининг овозини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг