Қидирувдаги жиноий гуруҳ раҳбари Польшадан Қозоғистонга экстрадиция қилинди

Олам

image

Қозоғистонда трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланаётган Украина фуқароси Польшадан Қозоғистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси хабар берди.

 “Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари Қозоғистоннинг Польшадаги элчихонаси кўмагида трансмиллий уюшган гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун Украина фуқаросини Польша Республикасидан экстрадиция қилди”, дейилади хабарда. 

Билдирилишича, у тузган жиноий гуруҳ 2022 йилда Қозоғистон ҳудудида катта ҳажмда психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, мусодара қилинган ноқонуний моддалар ҳажми 1 тоннадан ортиқни ташкил этган. Уларнинг қора бозордаги умумий қиймати эса 1,5 миллиард тенгедан (3,3 миллион долларга яқин) ошган бўлар эди. Хабарда айтилишича, ушбу жиноятларни содир этганидан сўнг уюшган гуруҳ аъзолари қўлга олинган, унинг раҳбари эса қочиб кетган ва халқаро қидирувга берилган. 2023 йил август ойида гумонланувчи Польшада экани аниқланган.

“Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг сўровига кўра, у экстрадиция қилинди ва ҳозирда Остонадаги тергов изоляторига жойлаштирилди”, дейилади Бош прокуратура хабарида. 

Қайд этилишича, мазкур жиноятларни содир этганлик учун Украина фуқароси 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки мол-мулкини мусодара қилган ҳолда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Украина Польша

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг