Қидирилаётган 2 нафар “журналист”га нисбатан “қамоққа олиш” чораси ўзгартирилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан “Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбирига нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, ахборот агентлигининг 2 нафар мухбирига илгари қўлланилган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.

Эслатиб ўтамиз, Жорий йилнинг январь ойида “Effect.uz” сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган. Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига тақдимнома киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган “Effect.uz” ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлаган.

Ўз навбатида, “Effect.uz” ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

175

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг