Кэмерон хитойлик мавқедошидан Эронга босим ўтказишни сўради
Олам
−
17 Февраль
3211Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон кеча, 16 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида хитойлик мавқедоши Ван И билан учрашди ва Пекинни Қизил денгиздаги кескинликни камайтириш учун Эронга таъсир ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Британия ТИВнинг тегишли баёноти эълон қилинди.
“Ташқи ишлар вазири Хитойни ҳусийларга Қизил денгиздаги ҳаракатлари юзасидан босим ўтказиш учун Эронга таъсиридан фойдаланишга чақирди”, дейилади баёнотда.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Кэмерон учрашувда Украинадаги можаро масаласини ҳам кўтариб, бу “қоидаларга асосланган халқаро тартибни хавф остига қўйиши” ҳақида ўз фикрини билдирган.
Қайд этилишича, ТИВ раҳбари хитойлик мавқедоши билан учрашувдан Лондон ва Пекин ўртасида “бир қатор тафовутлар мавжуд бўлган соҳалар бўйича Буюк Британиянинг позициясини аниқ белгилаш учун” фойдаланган. Улар орасида Шинжон-Уйғур мухторияти ва Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, Британия парламентарийларига қарши Хитой санкциялари бор. Шунингдек, Кэмерон мухолифатдаги медиамагнат Жимми Лайни озод қилишни талаб қилди.
Маълумот учун, 76 ёшли Жимми Лай (Ли Чжинг) 2019 йилнинг ёзида Гонконгда бошланган ҳукуматга қарши намойишларнинг асосий ташкилотчиларидан бири деб кўрилади. У Хитой Халқ Республикасининг ушбу махсус маъмурий ҳудудида миллий хавфсизликка таҳдид солиш мақсадида ташқи кучлар билан тил бириктирганликда айбланмоқда. Терговнинг даъво қилишича, тадбиркор норозилик ҳаракатига молиявий ёрдам берган, АҚШ сиёсий элитаси билан алоқаларни сақлаб қолган, Гонконг ва Хитойга қарши санкциялар жорий этишга чақирган.
LiveБарчаси