Мирзиёев Сергели аҳолиси билан учрашди (фоторепортаж)
Жамият
−
08 Февраль 2023
7513Бугун, 8 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Эзгулик маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу ерда 26 та кўп қаватли уй бор, 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Президент маҳалла вакилларидан ҳол-аҳвол сўраган. Нуронийлар ўтган совуқ кунларда халқнинг ва давлат идоралари хизматчиларининг бирлиги билан қийинчилик ортда қолганини айтишган. Энергетика ва коммунал хизматлар 24 соат давомида ишлаган, тезкор чоралар кўриб борилган. Хусусан, маҳалладаги трансформатор ҳам янгиланган.
“Бу бизга сабоқ бўлиши керак. Энергетикада 3-4 карра кўпроқ захира яратишимиз зарур. Шунинг учун қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга эътибор беряпмиз. У – муқобил, ишончли ва экологик тоза”, дейди давлат раҳбари.
Маҳаллалардаги устувор вазифа аҳоли бандлиги ва ёшлар тарбияси экани таъкидланди. Шу боис ҳам бу йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди. Ўқувчилар мактабда иккита хорижий тил ва битта касб ўрганиб чиқиши учун шароит яратилмоқда.