Қайта сайланган Мирзиёев Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди
Жамият
−
27 Октябрь 2021
4183Ўзбекистон халқининг Президент сайловида уюшқоқлик билан иштирок этиши одамларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганини кўрсатди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев сайловдан кейин илк бор ўтказилаётган қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор аввалида айтиб ўтди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев тадбирни Ўзбекистон халқига миннатдорлик сўзларидан бошлаб, шундай деди:
“Халқимиз сайловда уюшқоқлик билан иштирок этиб, ўзининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганини, тинч ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган эзгу ва олижаноб интилишини яна бир бор яққол намоён этди.
Ушбу сайловда эл-юртимиз томонидан билдирилган юксак ишончни биз беш йил олдин бошлаган, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган энг олий баҳо, деб биламан.
Фурсатдан фойдаланиб, менинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланишимга ўз ишончини билдирган ва самимий қўллаб-қувватлаган азиз юртдошларимга, кўпмиллатли бутун халқимизга, хусусан, алоҳида Қорақалпоғистон аҳлига яна бир бор ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити бизнинг энг катта бойлигимиздир. Мана шундай бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашни мен Президент сифатида ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман”.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши муносабати билан ўз табрик ва қутловларини йўллаётган мамлакат жамоатчилигига, фуқароларга чуқур эҳтиромини билдирди.
“Айни пайтда, муқобиллик асосида ўтган сайловда бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолиятларига омад тилайман. Биз куни кеча ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида фаол ҳамкорлик қиламиз”, дея сўзини якунлади Мирзиёев.