Қайси ҳудудларда “буқоқ” оғир оқибатларга олиб келаётгани очиқланди
Жамият
−
10 Декабрь 2021
7530Эндокрин касалликларининг оғир оқибатлари асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда айтиб ўтди.
“Топшириғимга кўра, икки ой давомида жойларга чиқиб, соҳадаги ҳақиқий аҳвол, ҳам аҳолини, ҳам шифокорларни қийнаётган муаммолар ўрганилди. Ҳақиқатан ҳам, касалликларнинг олдини олиш борасида бирламчи бўғинда ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Мисол учун, сўнгги беш йилда эндокрин касалликлар 20 фоизга ортиб, айниқса, ёшлар орасида кўпаймоқда. Эндокрин касалликларнинг оғир оқибатлари асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, эндокрин касалликларни бирламчи бўғинда эрта аниқлаш учун мураккаб ускуналар харид қилиш шарт эмас.
“Бунинг учун лабораторияларни жиҳозлаш, зарур реактивлар билан таъминлаш ва нафақат эндокринолог, балки оилавий шифокорларни ҳам тайёрлаш катта самара беради”, дейди Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, келгуси йилда туманлараро эндокринология бўлинмалари 29 тадан 50 тага кўпайтирилади. Вилоят ихтисослашган филиалларни 80 миллиард сўмлик замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига хизматлар сони 15 тадан 40 тагача етказилади.
LiveБарчаси