Қатар ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади

Жамият 1302
image
-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Қатар давлати авиация идоралари делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қатар делегациясининг Республикага ташрифи Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳаво қатновига доир Ҳукуматлараро битим тузиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри йўловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ.

Учрашувда Қатар фуқаро авиацияси хизмати департаменти бошлиғи Муҳаммад Фалеҳ Алхажри Ўзбекистоннинг “улкан сайёҳлик салоҳияти ҳамда бой тарихий-маданий меросга эгалиги Қатар фуқароларида юқори қизиқиш уйғотишини” таъкидлаб ўтган. 

Унинг фикрича, Ўзбекистон билан Қатар ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашинувини жадаллаштирилишига хизмат қилади.

“Qatar Airways”  департаменти раҳбари Салам Ал-Самаррий авиакомпаниянинг Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва Республиканинг минтақавий аэропортларида жорий қилинган “очиқ осмон” режимидан фойдаланишга, жумладан, Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб қилишга юқори қизиқиш билдирган.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик битим лойиҳаси юзасидан мавжуд масалаларни тезкор ҳал этилиши, имзоланиши ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, туризм соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишга доир мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.1
t
×