Қатағон қурбони бўлган 174 нафар шахс оқланди
3-саҳифа
−
01 Декабрь 2023
5620Бугун, 1 декабрь куни Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган 174 нафар шахсга оид жиноят ишини кўриб чиқди.
Куни кеча Олий судга Ўрта Осиёда ва Қозоғистондаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармалари Учлик Кенгашларининг махсус йиғилиши қарорларига кўра, 1930-1931 йилларда ҳозирги Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузиб, совет ҳокимиятига қарши қуролли қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий босмачилик ҳаракатини амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР фуқаролари бўлган 174 нафар шахсга оид 6 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.
2023 йил 1 декабрь куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди хамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 174 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари буйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.
LiveБарчаси