Қатъий саволлар, пандемия ва танқид: видеоселектор қандай ўтди?

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумки, 2020 йил 12 ноябрда давлат раҳбарининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш тўғрисида фармони, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилинган эди. Уларга мувофиқ, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услубларини ўзгартириб, бу борада янгича тизим ташкил этила бошлаганди.

Йиғилишда ушбу вазифалар ижроси ҳақида сўз борар экан, Президент учта саволни ўртага қўйди:

биринчи – жорий этилган янги тизим бўйича тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатди?

Иккинчи – маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлай бошлаганидан қанча одам рози бўлди?

Учинчи – тиббиёт муассасаларида қайси хизматлар бепул бўлди?

Ҳозирги аҳвол талабга жавоб бермаётгани, соҳадаги ўзгаришларни аҳоли тезроқ сезиши кераклиги таъкидланди. Ислоҳотларни жадаллаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарларидан масъуллар бириктирилди.

Президентнинг 12 ноябрдаги яна бир қарорига кўра, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказилди. Йиғилишда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва Гулистон шаҳар ҳокими мазкур янги тизим натижалари ҳақида ҳисобот берди.

Айтиб ўтилишича, Сирдарё вилоятининг 236 та маҳалласини тўлиқ қамраб олиш учун 421 та тиббиёт бригадаси ташкил этилган. Аҳолининг саломатлик ҳолати хатловдан ўтказилиб, улар 4 та хавф гуруҳига ажратилган ва вилоятнинг “электрон тиббий харитаси” яратилган.

Мисол учун, Боёвут туманида 31 минг аҳоли ўзини соғлом деб билса-да, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар туфайли уларда юрак-қон томир, диабет, ўпка касалликларига чалиниш эҳтимоли юқори экани аниқланган. Шунингдек, илгари шифокорга мурожаат қилмаган 257 нафар фуқарода касалликлар оғир босқичда экани маълум бўлган.

Давлат раҳбари бу тажрибани тизимли давом эттириб, барча ҳудудларда жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Бунинг учун қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадалари ташкил этилиб, аҳолини манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишлари олиб борилади, ҳудудларнинг “тиббий хариталари” шакллантирилади.

Хабарга кўра, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Яъни, беморларни овора қилиб пойтахтга юбормасдан, уларга яшаш жойида малакали тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш керак.

Ўтган йили ихтисослаштирилган марказларда даволанишга муҳтож 84 минг нафар бемордан атиги 51 минг нафари бепул ордер билан таъминланган.

Президент ордерлар учун маблағни деярли 1,5 бараварга кўпайтириб, қўшимча 80 миллиард сўм ажратиш бўйича Молия вазирлигига кўрсатма берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга, йил якунига қадар ҳар бир беморни соғломлаштириш манзили ва муддатларини белгилаб, даволашни ташкил этиш бўйича вазифа қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўз йўналиши бўйича ҳудудлардаги 3 мингдан зиёд оилавий шифокорни қисқа муддатли курсларда ўқитадиган бўлди.

Қайд этилишича, яна бир масала – бугунги кунда донор беморнинг яқин қариндоши бўлмаса, трансплантацияга рухсат берилмаган. Оқибатда, кўпчилик фуқаролар бундай амалиётни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Шу боис инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида мамлакатда хусусий тиббиёт ташкилотлари учун барча ҳуқуқий асослар, имкониятлар яратилган. Лекин ҳудудларда касалликларнинг турига қараб, хусусий шифо масканларини ташкил этиш ишлари етарли даражада эмаслиги қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг