Қассоб қўй дардида. Жапаровнинг дарди пулми?

Олам 13763
image
-

Сиёсий жанжал ва интригалар ўрнига умуминсоний тараққиёт йўлидан бориш керак. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров парламент йиғилишида айтиб ўтди.

“Биз ҳар доим Қирғизистонни демократик давлат деб айтамиз. Конституциянинг 1-моддасида Қирғизистон демократик давлат, деб бежиз ёзилмаган, чунки халқимизнинг онгу тафаккурида, қон-қонида демократия унсурлари бор. Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро эркин фикрлаш, ўз фикрини очиқ айтиш ҳуқуқига эга”, дейди Президент. 

Бироқ, Жапаров таъкидлаганидек, эркинлик ва демократия тамойиллари ниқоби остида мамлакатнинг даромад манбаларини ҳар хил асоссиз танқидларга дучор қилиб, сиёсий очко олишга уринаётган сиёсатчилар бор.

“Ҳозирда дунё жадал ривожланмоқда, сиёсий жанжаллар, сиёсий интригалар ўрнига биз ҳеч қачон орқада қолмасдан умуминсоний тараққиёт йўлидан боришимиз керак. Қирғизистонда иқтисодиётда тартиб ўрнатиш ва уни янада яхшилаш биринчи ўринда туради. Бу халқнинг талаби ва умиди”, дейди мамлакат етакчиси. 

Жапаров Қирғизистонда 200 дан ортиқ бойлар, мамлакатнинг ўз миллиардерлари ва миллионерлари борлигини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, улар хориждаги банкларда пул сақлайди. 

“Улар хорижда завод қурмоқда. Октябрь воқеаларидан кейин биз бюджетга 100 миллион долларни қайтариш учун қўлимиздан келганини қилганимиздан хабарингиз бор. Аммо ўз бойлигини ҳамон хорижда яшираётганлар ҳам кўп. Бу пулларни мамлакатга қайтариш учун даромадларни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун зарур. Шунда улар бюджетга солиқ тўлашни бошлайдилар, юртимизда заводлар қурадилар”, дейди у.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг октябрь ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг, мамлакат пойтахтида йирик тартибсизликлар юзага келди. Оломон парламент биносига бостириб кириб, сайлов натижаларини бекор қилишни сўради. Аввалига пана-панада юрган эски сиёсатчилар ҳам сиёсий майдон юзасига чиқа бошлади. 

Бирданига икки Омурбек – Текебаев ва Бабанов 2020 йил 9 октябрь куни Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган тартибсизликлар ортида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков турганини айтди. Яна бир собиқ Президент Алмазбек Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошев ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ушбу айбловларни текширишни талаб қилди.

Октябрь воқеалари оқибатида ҳокимият тепасига келган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бўлиб ўтган барча воқеаларда Бабанов ва Атамбоев айбдор, деб ҳисоблайди. Бироқ куни кеча суд Алмазбек Атамбоевга нисбатан очилган октябрь воқеаларига алоқадорлик бўйича жиноят ичишини тугатди ва Атамбоевни оқлади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 396
Рейтинг: 3
t
×