Қашқадарёдаги абитуриентларга тест кунлари автобуслар ажратилади

Жамият

image

Қашқадарёнинг чекка ҳудудларида яшовчи абитуриентлар тест синовлари учун вилоят марказига келишига махсус автобуслар қўйилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев вилоятда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ва тест синовларини ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан берган ахборотида маълум қилди.

“Узоқ ҳудуддан келадиган абитуриентларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, уларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда автобуслар ташкил этилади. Aвтобусларнинг белгиланган йўналиш бўйича ҳаракати ИИБ ЙҲХ ходимлари томонидан назоратга олинади”, деди Рустам Йўлдошев.

Қайд этилишича, вилоятда жорий йилда умумтаълим мактабларини 47 минг 681 нафар ўқувчи битирган. Шундан 38 минг 470 нафари (81 фоизи) олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Вилоятдаги мавжуд 6 та олий таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун қабул квотаси 8 минг 400 та (ўтган йилда 4290 та бўлган) белгиланган бўлиб, жами 99 минг 476 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу бир ўринга 12 нафар талабгор деганидир.

Тест жараёнлари “Насаф” футбол клубининг машғулотлар ўтадиган 4 та стадионида бўлиб ўтади. Майдонларнинг сиғими 37 минг 512 квадрат метрни ташкил этади.

Ушбу майдонларда бир вақтнинг ўзида 184 та гуруҳда 5 минг 520 нафар абитуриент тест топшириш имконияти мавжуд. Бир кунда 2 сменада 11 минг 40 нафар абитуриентнинг тест топшириши учун шарт-шароит яратилган. Жами абитуриентларнинг 129 минг 772 нафарни ташкил этиши инобатга олинса, вилоятда тест топшириш жараёни 12 кунда якунига етади.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги тест синовлари 2 сменада, 14 кун давомида ўтказилади. Тест синовларига абитуриентлар шахсини аниқлашда уларнинг бармоқ излари орқали текширилади.

Aҳрорбек Ҳайруллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг