Қашқадарёдаги ҳокимлар 10 кунга Тошкентга жўнатилди. Энди уларнинг вазифасини ким бажаради?
Жамият
−
17 Январь 2021
14313Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ўринбосарлари ва 15 нафар ҳудуд ҳокими тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда даволаниш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят раҳбари Зоир Мирзаев 17 январь, якшанба куни масъулларни Тошкент шаҳрига кузатган.
“Тарихда биринчи бор даволаниш учун кетяпсизлар. Демак, дам олишга боряпманми ёки даволанишга деган фикр ҳаммада бўлиши керак. Сизнинг саломатлигингиз жамиятга ҳам, оила аъзоларингизга ҳам керак. Эртадан ўрнингизни вақтинча ёшлар эгаллайди. Президентимиз таъкидлаганларидек, халқчил бўлишнинг бирдан бир усули — халқнинг дард-у ташвишлари ичида бўлишдир. Ёш раҳбарлар билан битта бўлса-да, халқ дардига ечим топсак ҳам, бу катта ютуқдир”, деган Зоир Мирзаев ҳокимларни кузатар экан.
Таъкидланишича, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари 10 кун давомида Тошкентда тиббий кўрик натижаларига кўра даволаниб, сўнгра ўз фаолиятини бошлайди.
Аввалроқ, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам тиббий кўрикдан ўтиш учун таътилга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси