Қашқадарёда ўғлини ҳимоя қилган ота жанжал қурбони бўлди
Жамият
−
25 Декабрь 2020
38930Жорий йилнинг 22 ноябрь куни соат 16:00 да Қашқадарё вилоятининг Косон туманида юз берган жанжал оқибатида ўғлини ҳимоя қилишга уринган ота ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳусниддин Р. Косон тумани “Пахтазор” МФЙда жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорчаси ёнида, фуқаро 24 ёшли Миролим Б.ни кўриб қолиб, ўрталарида бўлган ўзаро адоват сабабли, унга қасддан тан жароҳати етказиб, ундан қасд олиш мақсадида ушбу жанжалга акалари 22 ёшли Рухиддин Р., Озодбек Р. ва бошқаларни жалб қилган.
Бундан хабар топган, Миролим Б. ўзининг яқин қариндошларини ёрдамга чақирган. Унга бирон-бир зиён етмаслиги учун ҳодиса жойига унинг отаси 57 ёшли Махмуд М., акаси 27 ёшли Миржалол Б. ва поччаси 35 ёшли Жамшид М. ҳодиса жойига етиб келиб, жанжалнинг олдини олишга уринган.
Ҳусниддин Р., Рухиддин Р., Озодбек Р. ва бошқалар бир гуруҳ бўлиб, совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, ўз фуқаролик бурчини бажариб, яқин қариндоши бўлган Миролим Б.ни ҳимоя қилиб, жанжални олдини олмоқчи бўлган фуқаро Махмуд М., шунингдек унинг ўғиллари Миржалол Б., Миролим Б., ва Жамшид М.нинг турли жойларига қасддан уриб, турли даражада тан жароҳатлар етказишган.
Оқибатда Махмуд М., Миржалол Б., Миролим Б. ва Жамшид М. турли даражадаги тан жароҳатлари билан Косон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, 8 декабрь куни Ҳусниддин Р., Озодбек Р. ва Рухиддин Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б,к,л” бандлари билан айблов эълон қилиниб, Ҳусниддин Р., Озодбек Р.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги, фуқаро Рухиддин Р.га нисбатан эса “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро Махмуд М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабрь куни шифохонада вафот этган.
Жиноят иши эса ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “б,к,л” бандларидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.