Қашқадарёда Кўкдала тумани ташкил этилди

Жамият

image

Қашқадарё вилоятида янги Кўкдала тумани ташкил қилинди. Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисми мазкур туман таркибига ўтказилади. Бу қарорни бугун, 17 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар маъқуллади.

Мажлисда Кўкдала туманини ташкил этилишига сабаб бўлган асосий омиллар алоҳида қайд этиб ўтилган. Қўмита маълумотига кўра, Чироқчи туманига 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 420 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг км2 ни ташкил этади. Бугунги кунда туманда жами 2 137 та корхона, шундан 324 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 7,4 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Шунингдек, туманда 45 мингдан ортиқ тарбияланувчиси бўлган 230 та мактабгача таълим ташкилоти, 93 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган 234 та умумтаълим мактаби ҳамда 8 та оилавий поликлиника фаолият юритиб келмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65-100 км, жумладан, “Тошли” қишлоғи – 100 км, “Сарсон” қишлоғи – 93 км ва “Қуруқсой” қишлоғи – 65 км. Бу эса, аҳолининг туман марказига бориб-келиши учун 2-3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, Чироқчи туманида 2021 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 млн сўм (вилоятда 5,5 млн сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 млн сўм (вилоятда 8,7 млн сўм), хизматлар ҳажми эса 1,8 млн сўм (вилоятда 3,9 млн сўм)ни ташкил қилиб, вилоят бўйича энг охирги ўринда турибди.

Шунга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда вилоятда режалаштирилаётган ўзгаришлар, урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, айниқса аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳамда унинг марказини Еттитом шаҳарчаси этиб белгилаш назарда тутилмоқда.

Бунда Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисмини Кўкдала тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг туман саноатидаги улуши 151,9 млрд сўмни ёки 38 фоизни ташкил этади. “Айритом” кичик саноат зонасининг 7 гектар майдонига муҳандислик-инфратузилма объектлари қурилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Халқаро аҳамиятдаги 94 км йўл бўйида 150 та хизмат кўрсатиш объектлари (516 та иш ўрни), Еттитом ҳудудидан ўтган А-378 автомагистраль йўли ёқасида 6 гектар ерда хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари ташкил этилади. 10 минг гектар лалми ва адир ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида боғ-токзорлар ташкил этилади.

Натижада эса Кўкдала тумани таркибига ўтказилаётган аҳолига қулай шароитлар яратилади ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг