Қашқадарёда икки бола Қрим-Конго вирусидан вафот этди. Бу қандай касаллик?
Жамият
−
07 Август 2022
33428Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жорий йилнинг 20 июнь 4 яшар бола номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар бергандик. Орадан уч кун ўтиб, унинг қариндоши 6 яшар (қиз) ҳам вафот этганди.
Шифокорлар қизчага ҳам, унинг амакиваччаси бўлган 4 яшар болага ҳам ташхис қўёлмаган. Болаларга ташхис қўйиш учун Самарқанддан чақирилган шифокорлар ҳам касалликни аниқлай олмаган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидан маълум қилинишича, ғузорлик болалар Қрим-Конго вируси туфайли вафот этган.
Хизматнинг ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бош мутахассиси Умир Мирзаевга кўра, мазкур вирус асосан чорва молларида бўладиган канадан юқиши мумкин.
Касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Яна бир хавфли томони – бу ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл билан соғлом одамга юқади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.
Унинг айтишича, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:
• баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак;
• каналарни қўл билан эзиб, қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик;
• кананинг устки қисмига 1 томчи ўсимлик мойи томизилса кана ўлади;
• чорвачилик билан шуғулланадиган аҳоли йилига 2 марта дезинфекция ишларини амалга ошириши керак;
• эски молхоналарда вақти-вақти билан таъмирлаш ишларини олиб бориш керак;
• қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва почалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш керак.
“Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. Олимлар иксод каналарининг сувсиз ва озуқасиз 20 йилдан ортиқ яшаши мумкинлигини аниқлаган. Эски молхоналар, девор кавакларида яширинган каналар об-ҳавонинг серёмғир келиши ва ҳаво ҳароратининг бирдан қаттиқ исиб кетиши натижасида ҳаракатга келади. Шу сабабли молхоналарда вақти-вақти билан креолиннинг 3 фоизли ишчи эритмалари билан дезинфекция ишлари ўтказиб турилиши керак”, дейди Умир Мирзаев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь