Қашқадарёда чойхонада ўтирган ИИО ходимини тасвирга олган фуқаролар қамалди
3-саҳифа
−
05 Март 2023
25380Қашқадарё вилоятида Ички ишлар органи ходимининг чойхонада ўтирганини тасвирга олган ва ижтимоий тармоқларга тарқатган фуқаролар 15 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, бир неча эркак Шаҳрисабздаги чойхоналардан бирида йўл-патрул хизмати ходимини кўриб қолган. Улар камералар билан ходимнинг ёнига келиб, видеога олган ва тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатган.
Бундан ташқари, ушбу шахслар 102 тезкор рақамига ёлғон ахборот бериб, воқеа жойига шаҳар ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳини чақирган.
“Чойхонага “доставка” олиш учун киргандим. Ҳамкасбим ҳам ўтирган экан шу ерда. Официантга кўк чой олиб келишини сўрадим, бошқа ҳеч нарса керакмаслигини айтдим. Орадан 10-15 дақиқа ўтди, бир одам кириб келди, орқасидан яна 5 нафар одам тасвирга олиб кириб келди. Овқатланишга ҳаққим йўқми, деб ўзимга ўзим савол бердим. Улар бизга сенлар бу ерда нима қилиб ўтирибсан, сенларга мумкинми бу ерда ўтириш, деди. Тўрт нафари эшикни ушлаб ўтирди, ташқарига чиқишимга ҳам қўймади”, дейди ходим.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат ходимнинг дам олиш кунида содир бўлган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар чора кўрилиш учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган.
Мазкур 5 нафар эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь