Қашқадарёда ағдарилган Damas’га ёрдамга келган 2 кишини “КамАЗ” босиб кетди
Жамият
−
23 Февраль 2021
10372Қашқадарёда ағдарилиб кетган Damas’га ёрдамга келган икки нафар шахсни “КамАЗ” уриб кетди .Бу ҳақда Zamon кўрсатувида маълум қилинди.
Жорий йил 17 февраль куни соат 06:20 ларда Чироқчи туманида Damas автомобили ҳайдовчиси Қаршидан Самарқандга қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтда йўлда номаълум жисмни кўрган ва уни босиб кетмаслик учун айланиб ўтаётганда ағдарилиб кетган.
Шундан сўнг автомобилдаги ҳайдовчи ва йўловчига ёрдам бериш мақсадида бошқа ўткинчилар тўхтаган. Damas’дан ҳайдовчи ва йўловчилар тушуриб олинган. Кўпчилик бир бўлиб, Damas’ни тиклаб қўйган. Шу пайт ушбу йўлдан катта тезликда ҳаракатланиб келган “КамАЗ” юк машинаси Damas’га ёрдам берган одамлардан икки нафарини уриб юборган.
Оқибатда улардан бири воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этади.
Damas ҳайдовчисининг таъкидлашича, улар автомобилни тиклаб, йўл четига ўтказаётган пайтда юк машинаси узоқдан тезликни пасайтирмай ҳаракатланиб келган. Қўл ҳаракати билан “КамАЗ” ҳайдовчисига ишора қилинган, аммо фойдаси бўлмаган.
Ўрганишларда ўша куни “КамАЗ”га меъёрдан ортиқ юк ортилгани, оқибатдада ҳайдовчи автомобилни тўхтата олмагани аниқланган.
LiveБарчаси