Қашқадарёда 750 млн сўмдан ортиқ кредит талон-торож қилинди
Жамият
−
15 Апрель 2021
4595Қашқадарё вилояти Касби туманида 750 млн сўмдан ортиқ кредит маблағини талон-торож қилган МЧЖ раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан АТ “Халқ банк” Касби филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “S.Q.” МЧЖ раҳбари Д.В. чорва молларига озуқа ем маҳсулотлари сотиб олиш мақсадида банк филиалидан ажратилган кредит эвазига 817,6 тонна озуқани импорт қилиб, ушбу маҳсулотларни белгиланган мақсадларда фойдаланмасдан нақд пулга сотиб юбориб, 753,6 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилгани аниқланган.
Бундан ташқари, текширувда Д.В. фуқаро С.нинг ишончига кириб, унинг йирик шохли қора моллари сотувидан тушган 138 млн сўм пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Д.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси