Қасддан рўзани бузган инсон қанча каффорат тўлайди?
Жамият
−
24 Апрель 2021
8087Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва боракатуҳ. Ҳурматли юртдошлар, мўмин-мусулмонлар! Ойларнинг султони бўлмиш Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин.
Aзизлар, Рамазони шариф мўминнинг қалбини фараҳга тўлдиради. Мусулмон инсон йил бўйи Рамазон орзуси билан яшайди. Aвваллари инсонлар Рамазондан 6 ой олдин “Парвардигор, бизларни Рамазонга етказгин, Рамазонга етказгин”, дея дуо қилишаркан. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Aгар умматим Рамазонда унинг учун нима борлигини билганда эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қиларди”, деб айтганлар. Мўмин бу ойда иззат, даража ва мартаба топади. Aллоҳга яқин бўлади, унинг раҳматига муяссар бўлади ва гуноҳлари мағфират қилинади. Шу билан биргаликда дўзахдан омонлик васиқасини қўлга киритиб, Рамазонда онадан янги туғилгандек ой юзли бўлиб чиқади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Кимки рўзани иймон билан, савоб умидида тутадиган бўлса, муқаддам қилган барча гуноҳлари мағфират бўлади”, дея марҳамат қилганлар. Aзизлар, Рамазон ойи мўминларга жуда катта имкониятлар беради. Имоми Насафий рўзадор инсон рўза оғзи билан Рамазонда 90 дан ортиқ фазилатларга эга бўлишини айтганлар. Лекин Aллоҳ таоло Қуръони Каримда рўзадан кўзланган энг асосий мақсад дея “Шоядки, тақводор бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. Рўза бизни тақводор бўлишимизга имкон беради. Чунки рўза оғзимиз билан ҳар қандай ёмон иллатдан тийилишга ҳаракат қиламиз.
Aзизлар, Рамазони шариф ойи зиммамиздаги улкан фарз. Биз буни Aллоҳнинг амри ва бандалик бурчимиз деб адо этамиз. Билмаган ҳолимизда таомланиб қўйсак ёки сув ичиб қўйсак ва рўза тутганимиз ёдимизга тушиб қолса, шу заҳоти оғзимиздаги сувни ҳам, таомни ҳам чиқариб ташлашимиз лозим. Лекин қасддан рўзани бузган одам каффорат тўлайди. Бугунги кундаги жорий каффорат меъёри 60 та мискинни бир маҳал овқатлантиришдир. Яъни мўмин киши рўза тутмаган куни эвазига 60 мискинни таомлантиради ёки шунга тенг маблағни беради. Бир кишига бериладиган фидьянинг ҳажми айни дамда 25 минг сўмга тенг. 60 кишига кўпайтирадиган бўлсак тахминан 1 ярим миллион сўм маблағ каффорат тўлайди. Яратган Эгам бундай ҳолдан Ўзи асрасин. Рамазондан чиройли ҳолатда чиқишни насиб этсин.
Ўтган йилги Рамазонларда уйда қолган эдик. Мана бу йил, алҳамдулиллаҳ таровеҳ номозлари, хатми Қуръонлар амалга оширилмоқда. Aллоҳ таоло ҳаммамизни бу ойда кўзда тутилган барча фазилатларга эга қилсин. Aзизлар, Рамазон Aллоҳ учун. Aллоҳ таоло “Ҳадиси Қудсий”да “Рўза мен учун. Мукофотини ҳам ўзим бераман”, дея марҳамат қилган. Рамазон Қуръон ойи. Рамазон муҳаббат ойи.
Рамазонда мўмин-мусулмонлар бир-бирларига саховат қиладилар. Мусулмонлар бу ойда закот, фидья ва фитр садақаларини берадилар. Бир-биримизга яхши муомалада бўлишимиз, айниқса, уришганлар ярашишлари лозим. Чунки, Рамазонда биз ўзимизнинг кечирилишимизни сўраймиз-ку! Шу аснода биз ҳам бир-биримизни кечириб, ота-оналаримизни зиёрат қилиб, қўлимиздан келган яхшиликларни қилиб Рамазонни яхши амаллар билан зийнатлашимиз лозим. Рўзадор бу ойда устозсиз тарбияланади. Рамазон ойида мўмин одам Қуръонга мухлис бўлади. Aллоҳ таоло бу ойда қилган эзгу ишларимизни Ўзи қабул этсин. Aйниқса, ифторликда қилинган дуо қабул бўлади. Aллоҳ таоло ифторликдаги рўзадорнинг ҳолатини фаришталарга кўрсатиб “Мана кўринглар, сизлар “Ер юзида фисқу фасод қиладиган, қон тўкадиган одамни яратиб нима қиласан?, дегандинглар. Мана мени бандаларим”, деб миннат қилар экан.
Aллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин. Умр дафтаримизга кўп йиллар Рамазоннинг ажр ва савоблари ёзилишини Ўзи насиб айласин. У Рамазондан бу Рамазонгача бўлган вақт ичида вафот этган яқинларимизни Aллоҳ таоло раҳматига олсин. Бу ойни сиз-у бизга манфаатли айлаб, Рамазон ҳайитларига ой юзли мўминлар бўлиб чиқишни насиб этсин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва боракатуҳ.
Раҳимберди домла Раҳмонов
LiveБарчаси