Қарз узилади, хотин ёнга қолади!

Таҳлил 7766
image

Яқинда журналда ишлайдиган укахонимиз Сирғали мавзесида янги қурилган кўп қаватли арзон уйлардан 3 хонали квартира олди. Намангоннинг чекка бир қишлоғидан келиб, 15 йилдан бери Тошкентда ўқиб, ишлаб, ўз уйи, бошида ватани бўлишини орзулаб юрарди. Вақти соати билан уйланди. Икки фарзанд кўрди. Ҳар гапида менинг ҳам бошимга уй битармикин, деб орзу қиларди. Ижарама-ижара яшаб юргани учун топган-тутгани бебаракалиги, кўнглидагидек орзу-ҳавас килиб, тўртта меҳмон чақиролмай умри ўтиб кетаётганидан афсусланган ўринлари ҳам бор. Тошкентга келиб ватанли бўлишимни ота-онам кўрармикан, катта ўғилнинг орзу ҳавасида бир яйраб қувонармикан деган армонларини ҳам яширмасди. Ўзини ўтга урди, чўққа урди, пул йиғаман деб уч тўртталаб жойда ишлади. Ҳатто отаси-ю укаларини Тошкент вилоятига олиб келиб, биргаликда деҳқончилик қилиб ҳам кўрди. Топгани ўпқондек ижарадан ортмади. Оиласини ҳам одамлардек яйратиб, ўйнатиб кулдиролмай юрарди. Мана, шукурки, барча надоматлари ортда қолиб, ўзи учун ниҳоятда қулай шартларда бошига ватан битди. Шуни кутиб тургандек, хотини хам учинчисига қўчқордек ўғил туғиб турибди денг...


Икки ярим йил аввал катта бир шижоат билан бошланган шиддатли ислоҳотлар бу укахонимиз каби минг-минглаб муҳтожларнинг муродини ҳосил қилди. Неча-неча оилалар уй оламан деб орзусига етолмай, умидлари сўниб турган паллада, мана сенга уй-жой, мана сенга кредит, уй-жой олиб, ҳузур ҳаловатингни кўр деб, қатор янги-янги иморатлар барпо бўлди. Буларку тани жони соғлар, ҳаттоки ногирон, етим-есир, ҳаётдан умиди батамом сўнган дилишикасталар ҳам бошпанали бўлди. Уларнинг ногиронлик аравачаларида қувончдан балқиб ўйинга тушишларини бир кўрсангиз эди.


Инсон умри нима? Дунёга келиб инсондек яшаш учун интилмоқ, орзуламоқ ва орзуларини амалга ошириш учун курашмоқ. Ўша орзу шохсупасининг юқорисида уй-жой – кичик ватан деган табаррук тушунча туради. Фарзанд туғилди дегунча терак экамиз, ҳовли чорбоғларни кенгайтириш ташвишига тушамиз. Бунга имконият қилолмаганлар нима қилсин. Ҳа дунёйи дун шу экан деб пешонасига шатта уриб келгинди бир касдай шунчаки умргузаронлик қилиб ўтаверсинми?!
Ахир ҳар одамнинг инсонлик аьмоли, орзу тилаклари, Оллоҳнинг унга берган неъмати ҳақ-ҳуқуқи борку! Ана шундай инсоний тилакларни рўёбга чиқариш учун икки ярим йил аввал Президентимиз бутун мамлакатни улкан қурилиш майдонига айлантирди. Ха, бу майдонда ҳар кимнинг имкон ва шароитига қараб иморатлар қуриляпти. Имконият шароитини яхши қиламан деб ҳаракатига шитоб берган одамлар боридан яна каттароқ, ҳашаматлироқ уйларга харидор бўлаяпти. Анашу ҳаракатларни ҳаммасини бирданига “пуффак”ка менгзаб, унинг “пақ этиб ёрилиб кетиши”ни муқаррар деб башорат қилиб, айрим кишиларда ислоҳотларга нисбатан ишончсизлик уйғотишга ҳаракат қилиш инсофданмикин?


Муттаҳамлар қайси замонда бўлмабди, ким қарз олмай орзу ҳавасига етибди. Ўзбекда “қарз узилар, хотин ёнга қолар” деган гап бор. Буку масаланинг бир томони, “танганинг орқа томони”ни ҳам бир айлантириб кўрайлик. Неча минглаб навқирон йигит-қизларимиз ўша уй жой, ўзбекона орзу ҳавас дея чет элларнинг не бир гадой топмас гўшаларида адашиб, улоқиб юрибди. Ўз ватани, оиласи, бола-чақасидан узулиб, не бир муҳтожликларда навқирон умрини ўтказиб, куч-қувватини ўзга диёрларда сарфлаб юрибди. “Гастрбайтр” ,” эмигрант”, “чучмек”, “чёрный ж...” деган таҳқирлар билан ору номуси булғанаётганлар қанча?
Ҳаммасида ҳам балки ширин ҳаёт илинжи бордир, аммо инсоф билан айтайлик, шу ширин ҳаётга ана ўша Ўзбекистон деб аталган катта қурилиш майдонида ҳам эришиш учун имкон туғулдику. Пайдо бўлган минг-минглаб иш ўринлари ўз ризқини ўз юрти, бола-чақаси олдида топаман деганлар учун айни муддао эмасми? Бу жойларда ишлаётганлар қора чақа ё насияга қараб ўтирган эмас, меҳнатига яраша ҳақ олиб, юртида яйраётган фуқароларимиз – ўз илигимиз, қора кўзларимиз.


Агар кимки кеча мактабу коллежда йўқни бор қилиб кўрсатиб, ёлғон даъво-дастгоҳлар билан пул ўғирлаб юрган бўлса, виждонига ҳавола. Мустақилликнинг яқин 25 йилида биз неча адашиб, неча улоқиб, ўз йўлимизни изладик. Бунда камарбаста бўлиб турганлар бугун ўз хатоларини тан олиб, истиғфор қилсалар ҳам уларни тушиниш мумкин. Лекин “буюк шаҳарлар ва буюк боболарнинг номларини” юзага чиқариб, “нечадир мингу юз йилликларини нишонлаб пул ўғирладик” деб ўтирсак, ўз халқумимизнинг ҳалол эмаслигига шаҳодат бериб турган бўлмаймизми?


“Сити”лар, “мажлис ўтадиган ҳашаматли бино”лар назаримда бугун ҳар қачонгидан керакроқ. Чунки дунё бир-бирини танийдиган, қавм-қавмини ҳис қиладиган замон ҳозир. Меҳмон чақирганда, анвойи нозу-неъматлар тайёрлаб тўртта қамиш бордондан ясалган рамақижон ўтовларда сипориш қилинмайди. Меҳмоннику қўяйлик, иш юзасидан биров билан мулоқот-муносабатга киришаркансан, ўша ишбилармон аввал уни кутиб олган пирхонанг-ишхонанга қарайди. Ўзбекда ишхона – пирхона деган гап бор. Орзу-ният, тилагингга яраша маскан-маконинг ҳам бўлиши керакку.


Бугунги эл бўғзигача қарзга ботиб, алданиб томошабин бўлиб ўтирадиган халқ эмас. Мамлакат раҳбари бундан бир неча ой аввал Олий Мажлис Сенатида “Биз яқин ўтмишда онгли равишда онгсиз одамларни тарбиялашга уриндик” дея халқимизни ўз ҳаётига, турмуш кечмишига ҳушёрроқ нигох билан қарашга даъват этди. Энди миллион-миллионлаб одамлар ижтимоий тармоқларда ҳар бир ходисага ўз муносабатини билдирадиган фаол фуқаролардир. Керак бўлса ўз ҳаққи-ҳуқуқи учун ноҳақ амалдорга ўт қўйиб бўлса ҳам мақсадига эришадиган курашчан, ёвқур инсонлардир. Булар ана шу икки ярим йиллик улкан ислоҳотларнинг самараси. Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмайдилар. Яхшилик бор жойда ёмонлик, эзгулик авжланганда ҳасад, бахиллик, кўролмаслик каби иллатлар ҳам бор. Оллоҳнинг ўзи тўғри йўлидан адаштирмасин, иншаоллоҳ!
 

 

Шуҳрат Ризаев,
 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×