Қаршидан Россияга учаётган чартер рейс юк сабаб бекор қилинди
Жамият
−
27 Июль 2021
6265Бугун, 27 июль куни соат 5:00 да Қарши–Санкт-Петербург (Россия) йўналишидаги AZV-5044-сонли чартер рейс самолёт юки оғирлиги сабабли қолдирилди. Бу ҳақда Қарши халқаро аэропорти хабар берди.
Қарши аэропортида 27 июль куни ушбу чартер қатновида Санкт-Петербургга парвоз қилиш учун жами 214 йўловчи ўз багаж юклари билан рўйхатдан ўтган.
Йўловчилар ҳажми ва уларнинг багажи билан биргаликда жами 21 тонна ҳажмдаги юкларни олиб кетиш бўйича “Azur Air” авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортига радиограмма юборган.
Бироқ, 5044-сонли Boeing-739 самолёти командири йўловчилар ўз юкларининг бир қисмидан воз кечиши лозимлиги, ҳаво кемаси бортига йўловчилар ва уларнинг багажлари билан қўшиб ҳисоблаганда фақатгина 15,5 тоннадан ортиқ юк қабул қилинмаслиги тўғрисидаги қарорини эълон қилган. Юзага келган тортишувлар оқибатида чартер авиақатнови номаълум муддатга қолдирилган.
Йўловчиларга Қарши аэропортининг масъул ходимлари ҳамда “Azur Air” авиакомпанияси самолёти экипажи томонидан ушбу қарорга сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот берилган.
Ҳозирда аэропорт ходимлари томонидан ушбу 214 йўловчига керакли ёрдам, жумладан нонушта тарқатилиб, уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш ва иссиқ овқат билан таъминлаш каби масалалар тезкорлик билан хал қилинмоқда.
Таъкидланишича, айни вақтда мазкур чартер авиақатновини давом эттириш бўйича “Azur Air” авиакомпанияси билан ўрнатилган тартибда музокаралар олиб борилмоқда.
LiveБарчаси