Қаршида “троллар жамоаси”ни тузишни таклиф қилган талаба ҳокимликка ишга олинди (видео)
Жамият
−
14 Декабрь 2022
24302Қашқадарёда танқидий материал тарқатадиган блогерларга қарши блогерлар жамоаси шакллантирилиши мумкин. Талаба қизнинг вилоят ҳокими Муроджон Азимовга айтган ушбу таклифи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар янги тузиладиган гуруҳни "троллар жамоаси" деб атаган.
Қарши давлат университети талабаси ушбу жамоа Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳузурида тузилиб, ҳар бир туман олий таълим муассасаларининг кўнгилли талабаларидан иборат бўлишини айтган.
Унинг таъкидлашича, ёш блогерлар жамоасини керакли техник жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда улар учун мунтазам ўқув-семинарлари ташкил этиш лозим.
“Бундан кўзланган асосий мақсад нима? Юртимизда, айниқса, Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни халқ оммасига тарғиб қилиш бўларди. Айрим қўштирноқ ичидаги блогерлар томонидан баъзи бир ҳолатларда нотўғри ёндашилаётгани вилоятимизнинг баъзи жойларида, ўзингиз айтгандек, бизни хафа қиладиган даражага етказяпти. Биз шундай жамоа шакллантирайликки, 100 та оқ нарсани кўрсатмасдан, битта қора нарсани кўрсатаётганлар учун ижобий жавоб берсин”, дейди талаба қиз.
Қизнинг мазкур таклифига жавобан Муроджон Азимов уни вилоят ҳокимлигига ишга олинишини айтган.
LiveБарчаси