Қаршида фуқаронинг ўзини ёқиб юборишига сабаб бўлган корхона бир неча ой олдин ёпилгани айтилди

Жамият

image

Аввалроқ Қарши шаҳрида фуқаро ўзини ёқиб юборгани ҳақида хабар берган эдик. У шаҳардаги терига ишлов бериш корхонасидан чиқаётган бадбўй ҳид жонидан тўйдиргани, уларнинг арзини ҳеч ким эшитмаётганини айтиб, ўзига бензин сепиб, ёқиб юборганди.

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси одамлар норозилигига сабаб бўлган корхона ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Қарши шаҳридаги “Qarshi Leather” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасида экология ходимлари томонидан дастур асосида ўрнатилган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилган. 

2021 йилнинг март ойида Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори асосида Қарши шаҳридаги “Qarshi Leather” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасига киритилган даъво аризаси бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасида атроф табиий муҳитнни ифлослантирганлик ҳолати аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 октябрдаги 820 сонли “Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 284,0 млн сўм миқдорида мажбурий компенсация тўловлари ундириш бўйича қарор қабул қилинган.

Берилган экологик экспертиза хулосаси талабларининг бажарилиши, ифлослантирувчи моддаларни меъёр даражасидан юқори чиққанлиги ва ўрнатилган талабларга риоя этилмагани бўйича аниқланган камчиликлар ва атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик учун  кейинги ўрганишларда 346,0 млн сўм миқдорида маъмурий компенсация тўлови ҳам ҳисобланган.

Шунингдек, ўрганишлар якунида амалдаги қонунларга тўла риоя этиш бўйича бир неча бор мажбурий кўрсатмалар берилган. 2021 йил ноябрь ойида вилоят Экология бошқармаси томонидан Иқтисодий судга мазкур хорижий корхонанинг фаолиятидаги камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча тўхтатиш масаласида ариза киритилган.

“Қарши шаҳридаги “Qarshi Leather” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбарининг 2022 йил март ойидаги вилоят экология бошқармасига юборган хатида корхона Хитой давлат инвесторлари томонидан 2022 йил 1 март кунидан номаълум муддатга тўхтатилганлиги, корхона сувларини канализация қувурига қўйиш бўйича бирор бир тўсиқ ва тақиқлар бўлса улар томонидан киритилган инвестиция маблағларини олиб чиқиб кетиш ҳамда корхона фаолиятини бутунлай тўхтатилиши маълум қилиниб, корхонанинг иш фаолиятини қайта тиклаш учун Қарши шаҳар канализация қувурининг ғарбий нуқтасига чиқинди оқова сувларини қуйишни маълум қилган”, дейилади бошқарма хабарида.

Шу билан бирга 2021 йил октябрь ойида мазкур МЧЖ шаклидаги хорижий корхонадан аҳоли яшаш масканларига яқин бўлган жуда катта майдонга ноқонуний ташланган чиқинди оқова сувларини тозалаш учун вилоят ҳокимлиги, вилоят ИИБ, вилоят Экология бошқармасидан ишчи гуруҳ тузилиб, чиқинди сувлари ташланган зовурлар катта маблағ ҳисобига тўлиқ тозаланиб, ушбу зовур тупроқ билан кўмиб ташланган. Ҳозирда мазкур жойлар ободонлаштирилиб, ҳаттоки футбол майдончалари ташкил этилган.

Бошқармага кўра, юқоридаги хабар бўйича тадбиркорлик субъектини ўрганиш бўйича ваколатли органлардан тегишли рухсатномалар олиб, ўз ваколати доирасида тезкор ўрганишлар ўтказилади. Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча ахборот берилади.

Маълумот учун, Қаршида ўзини ёқиб юборган 43 ёшли фуқаро танасининг 10-15 фоизи куйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

204

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг