Қаршида байроққа сарфланадиган 1,35 млрд хароба ётоқхонани таъмирлаш учун ишлатилади
Жамият
−
30 Апрель 2021
5742Аввалроқ Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида баландлиги 62,5 метрга тенг бўлган, қиймати 1,35 млрд сўмлик давлат байроғи ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ушбу масалага муносабат билдириб, байроққа сарфланадиган 1,35 млрд хароба ётоқхонани таъмирлаш учун ишлатилишини маълум қилди.
“Ўзим ҳам ҳар куни аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида туман ва шаҳарларда бўламан. Яқинда Қарши шаҳридаги 136-сонли оилавий ётоқхонага бориб уйсиз фуқароларимизни мажбурликдан харобага айланган бинода қўним топгани мени қийнади. Мен билан ҳамроҳ бўлиб борган раҳбарларни ҳам озроқ бўлсада виждони қийналган бўлса керак. Айримлари ҳаёт синовларини енгиб ўта олмаган бўлса ҳам, уларнинг шириндан-шакар фарзандларида нима гуноҳ? Улар ҳам бахтли яшашга ҳақли.
Ушбу хароба ётоқхонани таъмирлаш учун 2,5-3 млрд сўм атрофидаги маблағни манбасини қаердан топишни билмай тургандим. Устун учун сарфланаётган 1,35 млрд сўмни ушбу ётоқхона таъмирига йўналтирамиз. Қолган суммани ҳам манбасини топиб, ушбу ётоқхонани катта тантана билан топширамиз. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қиламиз. Хўш, нима дейсизлар?” дейди вилоят ҳокими.
Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, байроқ устуни бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди.
LiveБарчаси