Қарши шаҳри ҳокими ўзини рағбатлантириш учун 75 млн сўм маблағ ажратди 

Жамият

image

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарди. Ушбу қарор “Э-қарор”электрон тизимига жойлаштирилган.

“Қарши шаҳар ҳокимлигининг 2023 йилдаги захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан шаҳар ҳокимлигига фаолият самарадорлиги кўрсатгичига кўра вилоят миқёсида “Энг ташаббускор сектор” деб эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш харажатларига 75 (етмиш беш) млн сўм маблағ ажратилсин”, дейилади қарорда.

Қизиқ тарафи мазкур ҳужжат жорий йилнинг 25 август куни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев томонидан имзоланган.

Бу ҳолат кўплаб танқидларга сабаб бўлганидан сўнг шаҳар ҳокимлиги муносабат билдириб чиқди.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 536-сонли қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом"га асосан “Энг намунали сектор” ва “Энг ташаббускор сектор”ни аниқлаш ҳамда ғолиб бўлган секторларни моддий рағбатлантириш тартиби белгилаб қўйилган.  

Мазкур тартибга кўра, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 1 мартдаги йиғилиш баёнига асосан 2022 йил якуни бўйича самарадорлиги юқори баҳоланган сектор раҳбарлари орасида Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари вилоятда энг юқори кўрсаткичга эга секторлар учлигига киритилиб, "Энг ташаббускор сектор" деб топилган.

“Вазирлар Маҳкамасининг 536-сонли қарори ва Президент ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг 2023 йил 16 февралдаги алоқа хати ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг 2023 йил 24 августдаги вилоятда "Энг ташаббускор сектор" деб эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тўғрисидаги кўрсатма хатига асосан 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш харажатлари учун белгиланган тартибда маблағ ажратилгани маълум қилинади”, дейилади ҳокимлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Нормўмин Холбоев ушбу лавозимга 2019 йил тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қарши Нормўмин Холбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг