Қарийб тўрт йил суратга олинган “Барон 2. Соғинч” фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди

Маданият-санъат 21181
image

Кеча, 18 август куни "Киночилар уйи"да режиссёр Рустам Саъдиев томонидан суратга олинган “Барон 2. Соғинч” кинофильмининг махсус тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Эътиборли жиҳати шундаки, фильм нафақат Ўзбекистон, балки Россия, Туркия, Миср ва Швеция каби мамлакатларда суратга олинган.

Янги фильмда ўзбек киноюлдузларидан иборат ажойиб актёрлар жамоаси жамланган, жумладан Фарҳод Маҳмудов, Юлдуз Ражабова, Дилноза Кубаева, Шаҳзода Матжонова, Элёр Маҳкамов, Жавоҳир Зокиров.

Қолаверса, картинада россиялик актёрлар Виктор Вержбицкий, Виктория Толстоганова, Игорь Лифанов, Сергей Астахов, Сергей Соловьёв, туркиялик Каан Урганжиўғли, Сефа Зенгин, Мурод Ойдин шунингдек, Миср, Сурия, Тожикистон, Қозоғистон ва беларуслик актёрлар иштирок этишган.

Махсус тақдимотнинг кириш қисмида Кинематография агентлиги директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича суратга олиш жараёнлари ўз поёнига етиш арафасида сценарий ўзгарган.

“Ҳали катта тақдимотлар олдинда. Бугунги премьерадан кейинги фикрлардан сўнг кинога ўзгартиришлар киритилиши мумкин. “Барон 2” фильми қарийб тўрт йил давомида суратга олинди. Фильм деярли якунига яқинлашган пайтда хорижлик ҳамкорлардан таклифлар бўлди. Натижада режиссёримиз Рустам Саъдиев айрим саҳналарни кенгайтириш устида ишлаб сценарийни бир қисмини ўзгартирди”, деди Ризаев.

Режиссёр Рустам Саъдиев берган маълумотларга кўра, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов тавсияси билан премьерадан бир кун аввал фильмга ўзгартириш киритилган. Яъни “Барон 2” фильмининг Россия кинопрокати учун мўлжалланган талқинида фильм тўлақонли рус тилига дубляж қилинган. Ўзбек томошабинларига тайёрланган талқинида эса россиялик актёрлар яратган образларидаги диалоглари таржимасиз қолдирилган. Айнан Фирдавс Абдухолиқовнинг танқидидан сўнг, бир кунда рус тилидаги барча диалоглар ўзбек тилидаги субтитрлар билан бойитилган.

Тақдимотда шунингдек, Фарҳод Маҳмудов ва Дилноза Кубаева сингари актёрлар иштирок этишди.

“Барон 2. Соғинч” фильми ўткир сюжетли драма бўлиб, бир нечта мамлакатлардаги турли тақдирларни қамраб олган. Жумладан гиёҳвандлик, терроризм, диний экстремизм каби иллатларга қарши кураш, қолаверса, мард ва жасур ватан ҳимоячиларининг тинчлик йўлидаги машаққатли хизматлари намойиш этилган.

Фильм саундтрекини Ҳосила Раҳимова ижро этган, саундтрек бастакори Али Ниёзимбетов.

Маълумот ўрнида, “Барон” кинофильми 2016 йил январь ойида кинотеатрларда намойиш этилган. Аммо фильм катта экранларга чиқиши биланоқ киноқароқчилар қурбонига айланади ва қора бозордаги DVD дискларига чиқиб кетади. Шундай бўлса-да фильм Ўзбекистонда етарли даражада оммалашди ва кино ихлосмандлар эътиборига тушди.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 902
Рейтинг: 3
t
×