Қарийб 72 кг наркотикни Россияга олиб кетишга уринганлар ушланди
3-саҳифа
−
19 Март 1457 1 дақиқа
Гиёҳвандлик воситаларини қўшни давлатдан Тошкент шаҳри орқали Россия Федерациясига контрабанда йўли билан олиб ўтмоқчи бўлган жиноий уюшма аъзолари ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, трансмиллий жиноий уюшма аъзолари гиёҳвандлик воситаларини қўшни давлатдан Тошкент шаҳри орқали Россия Федерациясига контрабанда йўли билан олиб ўтишни режалаштирган. Пойтахтда ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 1993 йил, 1991 йил, 1986 йил ва 1981 йилларда туғилган 4 нафар шахс Тошкент шаҳри Янги Ҳаёт тумани ҳудудидаги дала майдонига яшириб кетилган 71.8 кг гиёҳвандлик воситасини олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Ушбу шахслар уюшган наркожиноий гуруҳнинг Ўзбекистондаги ташкилотларидан бўлиб, Россияда яшовчи танишининг кўрсатмасига асосан кўрсатилган геолокациядан гиёҳвандлик воситаларини олиб, уни Россияга юбориши керак бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий уюшма аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғулланувчи йирик жиноий гуруҳ фаолияти фош этилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси