Қарийб 4 миллиард сўм истеъмолчилар фойдасига ундириб берилди
Жамият
−
20 Апрель 2020
5670Истеъмолчилар фойдасига 3 миллиард 900 миллиондан зиёд маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган, 1 миллиард 596 миллион сўм мурожаатлар натижасида ундириб берилган. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълум қилмоқда.
“Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий тузилмаларига 2020 йилнинг 1-чорагида фуқаро (истеъмолчи)лардан жами 2388 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1469 таси оғзаки, 536 таси ёзма, 383 таси эса электрон шаклда юборилди.
Федерацияга келиб тушган 383 та электрон мурожаатнинг 289 таси “Президентга мурожаат портали”, 89 таси ягона Давлат интерактив портали орқали Бош прокуратура томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун йўлланди” дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур ариза ва шикоятларнинг 2220 таси яъни, 93,0 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 2 934 044 941 (икки миллиард тўққиз юз ўттиз тўрт миллион қирқ тўрт минг тўққиз юз қирқ бир) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
2020 йилнинг 1-чораги давомида Федерация ва унинг ҳудудий бўлинмаларига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда кўриниш қуйидагича бўлган:
• мурожаатларнинг савдо соҳасига 813 таси (34,0 фоиз),
• газ таъминоти соҳасига 270 таси (11,3 фоиз),
• электр таъминоти соҳасига 335 таси (14,0 фоиз),
• сув таъминоти соҳасига 138 таси (5,8 фоиз),
• коммунал хизмат соҳасига 141 таси (5,9 фоиз),
• соғлиқни сақлаш соҳасига 18 таси (0,8 фоиз),
• хизмат кўрсатиш (сервис) соҳасига 77 таси (3,2 фоиз),
• транспорт соҳасига 41 таси (1,7 фоиз),
• алоқа (ва интернет) соҳасига 81 таси (3,4 фоиз),
• бошқа соҳаларга 459 таси (19,2 фоиз) эса тўғри келган.
Федерациянинг маълумотига кўра, 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига фуқаролар томонидан ҳисобот даврида жами 874 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 820 таси ижобий ҳал этилишига эришилган.
Мазкур ижобий ҳал қилинган мурожаатлар натижасида 1 596 803 166 (бир миллиард беш юз тўқсон олти миллион саккиз юз уч минг бир юз олтмиш олти) сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган.
LiveБарчаси