Қариялар уйида ёнғин. 87 яшар онахон ва 3 эркак қурбон бўлди
Олам
−
09 Январь 2022
17092Кеча, 8 январь куни Россиянинг Кемерово вилоятидаги “Олтин аср” номли қариялар уйида ёнғин содир бўлди. Оқибатда 4 киши аланга ичида қолиб, вафот этган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Ёнғин бинонинг биринчи қаватида, 10 кв метр майдонда содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ёнғинда шахсий буюмлар ёнган. Фавқулодда ҳолат сабаб уч эркак ва 87 ёшли аёл ҳалок бўлган.
Бинодан 48 киши эвакуация қилинган, шундан 16 нафари ётоқда ётган беморлардир. Ёнғинни ўчиришга 48 киши ва 14 та махсус техника жалб қилинган. Айни вақтда ёнғин ўчирилган. Қариялар ва ходимлар бинога қайта жойлаштирилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар хизматидаги манбанинг ТАССга маълум қилишича, ёнғин қозонхонадан электр жиҳозларининг аварияли ишлаши туфайли бошланган. Қозонхона кексалар жойлашган хоналарнинг рўпарасида бўлган. Қурбонларнинг ўлимига ёнғин оқибатида заҳарланиш сабаб қилиб кўрсатилмоқда
Манба шунингдек, фавқулодда вазият вақтида бинода фақат икки ҳамшира навбатчилик қилганини қўшимча қилган. Қариялар уйида ёнғин сигнализацияси одатдагидек ишлаган.
Фавқулодда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан текширув ташкил этилган. Воқеа жойига Кемерово вилояти прокурори Константин Майер етиб борган.
Ёнғин факти бўйича хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, қариялар уйи раҳбари ва унинг ўринбосарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Қариялар уйи ҳақида нималар маълум?
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, "Олтин аср" пансионати хусусий тадбиркорга тегишли бўлиб, у қарияларнинг ҳафтада 7 кун 24 соат истиқомат қилиши учун мўлжалланган. Муассаса 2020 йилда микрокорхона сифатида очилган, яъни унинг ходимлари сони 15 кишидан ошмаслиги керак.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, ўтган йил давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан пансионатда икки марта текширув ўтказилиб, 18 та ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилиши аниқланган, бинода шундан 15 таси бартараф этилган.
2021 йил декабрь ойининг охирида муассаса директори ёнғин хавфсизлиги талабларини такроран бузгани учун 15 минг рубль миқдорида жаримага тортилган.
LiveБарчаси