Қарға қарғанинг кўзини чўқийдими? Мансабдор қудаси амалдорни жавобгарликка торта оладими?
Жамият
−
04 Август 2021
12657Ўзбекистонда мансабдорлар орасида қариндошлик алоқаларини ўрнатиб, қуда-анда бўлаётганлари кўплаб топилади. Бундай вазиятда қариндошлик муносабатлари сабаб манфаатлар тўқнашуви юзага келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Хўш, уруғ-аймоқчилик сабаб манфаатлар тўқнашуви юзагак елса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қандай чора кўради? Ушбу саволга QALAMPIR.UZ агентлик раҳбари Aкмал Бурҳоновдан жавоб олди.
“Манфаатлар тўқнашуви, таниш-билишчилик бошқа давлатлар билан солиштирганда Ўзбекистонда юқори даражада туради. Ҳозиргача коррупцион жиноятларнинг кўпчилиги айнан уруғ-аймоқчилик, манфаатлар тўқнашуви ортидан келиб чиқяпти. Халқаро экспертлар, жамоатчилик ва ОAВ ҳам айнан шу мавзу ҳақида кўп гапиришяпти. Бу масала охир-оқибат давлат раҳбаригача етиб борди. Президент фармон ва қарорларни ишлаб чиқишда манфаатлар тўқнашувига эътибор бериш кераклиги тўғрисида топшириқ ҳам берган”, дейди Aкмал Бурҳонов.
Таъкидланишича, бугунги кунда жуда кўп шундай ҳолатларга дуч келинган, аммо ҳеч қаерда манфаатлар тўқнашувига дуч келинганда қандай чора кўриш кераклиги белгиланмаган.
“Бугунгача жуда кўп шундай ҳолатларга дуч келамиз. Баъзан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини кўрсак ҳам жавобгарлик йўқлиги ишимизни қийинлаштиради. Депутатлар ҳам бу мавзуда бот-бот такрорлаяпти. Амалга оширилаётган ғайриоддий ишларнинг таг замирида манфаатлар тўқнашуви бўлганига гувоҳ бўламиз-у лекин бунга қарши қандай чора кўришни билмаймиз”, дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари.
Маълум бўлишича, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилмоқда. Қонунда ишга қабул қилишдан тортиб, харидлар, у ёки бу хатти-ҳаракатлар оқибатида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилишигача бўлган ҳолатлар эътиборга олинган. Шунингдек, янги қонунга мансабдорлар фаолияти доирасида манфаатлар озгина тўқнашадиган бўлса нафақат жавобгарлик балки давлат идорасида ишлашидан маҳрум этилишигача нормалар киритилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 июлда қабул қилган ПФ-6257-сонли "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган.
LiveБарчаси