Қандли диабет. Касалликнинг қайси тури хавфли? 

Саломатлик

image

Ҳар йили 14 ноябрда нишонланадиган Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни 1991 йилда Халқаро диабет федерацияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бутун дунё бўйлаб диабетнинг кучайиши таҳдидига жавобан эълон қилинган.

2007 йилдан бери Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда бу дунёдаги энг йирик касалликлардан хабардорлик кампанияси бўлиб, 160 дан ортиқ мамлакатларда 1 миллиарддан ортиқ одамни қамраб олади. 

14 ноябрь канадалик шифокор ва физиолог Фредерик Бантингнинг хизматларини абадийлаштириш мақсадида танланган. У 1891 йилнинг шу кунида туғилган. Бантинг шифокор Чарльз Бест билан биргаликда 1922 йилда инсулин — диабет билан оғриган беморларнинг ҳаётини сақлаб қоладиган дори кашф этилишида ҳал қилувчи роль ўйнаган. 

Диабет — сурункали касаллик бўлиб, ошқозон ости бези етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармаса ёки организм ишлаб чиқариладиган инсулинни самарали ишлата олмаса юзага келади. Бу қондаги глюкоза даражасининг ошишига олиб келади. 

1922 йил январь ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг қандли диабетнинг ўта оғир турига чалинган 14 ёшли болага тарихда биринчи марта инсулин юбориб, унинг ҳаётини сақлаб қолган. Инсулин учун патент олиш ва кейинчалик бойиб кетиш ўрнига, Бантинг барча ҳуқуқларни Торонто университетига ўтказган. 

Кейинчалик инсулин ишлаб чиқариш ҳуқуқи Канада Тиббий тадқиқотлар кенгашига ўтган ва 1922 йил охирида дори бозорида янги препарат пайдо бўлган. Фредерик Бантинг ва унинг ҳамкасби Чарльз Бест томонидан яратилган кашфиёт миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. 

1923 йилда ХХ асрнинг биокимё ва тиббиётдаги биринчи буюк ютуғини эътироф этган ҳолда, Бантинг ва Маклеод Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бестнинг хизматлари эътиборга олинмаган, бу Бантингни қаттиқ хафа қилган ва у ўз ихтиёри билан Нобель мукофотининг ярмини Бестга топширган. 

Қандли диабетни бугунги кунгача тўлиқ даволаб бўлмаса ҳам, инсулин туфайли одамлар бу касалликни назорат остида ушлаб туришни ўрганди. Олимларнинг сўнгги йилларда диабетология соҳасидаги муваффақиятлари диабет туфайли юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда оптимистик қарашга имкон беради. 

Дарҳақиқат, қандли диабет бугунги кунда атеросклероз ва саратон каби, кўпинча ногиронлик ва ўлимга олиб келадиган учта касалликдан биридир. Бу қонда глюкоза даражасининг барқарор ўсиши билан тавсифланади, касаллик ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин. Қандли диабетнинг I (инсулинга боғлиқ) ва II (инсулинга боғлиқ бўлмаган) турлари бор. 

ЖССТ маълумотларига кўра, қандли диабет аҳолининг ўлим даражасини 2-3 баравар оширади ва умр кўриш давомийлигини қисқартиради. Бундан ташқари, муаммонинг долзарблиги ушбу касалликнинг тарқалиш кўлами билан ҳам боғлиқ. 2014 йилда бутун дунё бўйлаб тахминан 422 миллион катта ёшдагилар қандли диабет билан касалланган, бу 1980 йилдан 108 миллионга кўп. Бундай ҳолатлар сони ҳар йили ортиб бормоқда. 

Касалликнинг ҳалокатли ўсиши II турдаги қандли диабет билан боғлиқ бўлиб, бу барча ҳолатларнинг 85 фоиздан ортиғини ташкил қилади ва бу асосан семириш ҳамда жисмоний ҳаракатсизликнинг натижасидир. Соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни сақлаш бўйича оддий чоралар унинг олдини олиш учун самарали бўлади. 

Ҳар йили Халқаро диабет федерациясининг фаолияти туфайли Бутунжаҳон қандли диабетга қарши кураш куни бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларни қамраб олади ва диабет ва унинг асоратлари ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида 160 та давлатдаги диабет жамиятларини бирлаштиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида аъзо давлатларни қандли диабетга қарши курашиш ва ушбу касалликка чалинган одамларга ғамхўрлик қилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқишни таклиф қилади.

Ҳар йили диабет билан оғриган одамлар учун куннинг ўзига хос мавзуси тасдиқланади. Турли йилларда кун мавзулари қуйидаги сўзлар бўлган: “Диабет муаммоси дунёга тарқалмоқда”, “Диабет: барча ёшдагилар ва барча мамлакатлар муаммоси”, “Диабет ва қариш”, “Инсулин ҳаёт учун”, “Диабет ва инсонлар ҳуқуқи”, “Диабет буйракларингиз учун қимматга тушиши мумкин. Ҳозир ҳаракат қилинг!”, “Семизликка қарши кураш диабетнинг олдини олади”, “Диабет: ҳамма учун ёрдам!”, “Болалар ва ўсмирларда қандли диабет”, “Диабет, таълим ва профилактика”, “Соғлом турмуш тарзи ва қандли диабет”, “Оила ва диабет”, “Ҳамшира ва диабет” ва бошқалар.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

254

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг