Қанча одам ўта қашшоқликда яшаётгани айтилди
Бу қизиқ
−
18 Октябрь 2022
6108Бугун сайёрамиздаги 111 та ривожланаётган мамлакатда 1,2 миллиардга яқин одам қашшоқликда яшамоқда. Уларнинг кунлик даромад 1,9 доллардан кам. Улар тиббий хизматдан фойдаланиш ва таълим олиш имкониятидан мосуво. Бу ҳақда Кўп ўлчамли камбағаллик индексининг навбатдаги ҳисоботида айтилган.
Ҳисобот 17 октябрь – Халқаро қашшоқлик барҳам бериш кунида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Оксфорд университети қошидаги Оксфорднинг камбағалликка қарши кураш ва инсон тараққиёти ташаббуси томонидан тақдим этилган.
Ҳисоботда камбағаллик кўламини қисқартириш мумкинлиги таъкидланиб, камбағалликнинг ўзаро боғлиқ жиҳатларига қарши курашиш учун ривожланиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларда илгарилашни таъминлаши мумкин бўлган "камбағалликнинг янги профиллари" очиб берилган.
Таҳлилда одамлар ўз кундалик ҳаётининг турли жабҳаларида камбағалликнинг турфа хил кўринишларини қандай бошдан кечираётганини тушуниш учун камбағаллик даражасини ўлчаш воситаси сифатида даромаддан ташқари жиҳатлар – таълим ва соғлиқни сақлаш, турар-жой, ичимлик суви, канализация ва электр энергияси каби турмуш қулайликларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилган.
Ҳисоботда бутун дунё бўйлаб кўп ўлчамли камбағаллик шароитида яшаётган инсонларга таъсир қилаётган бир қатор “маҳрумлик тўпламлари” – камбағалликнинг такрорланувчи моделлари аниқланган. Мазкур маълумотлардан муайян ҳудудларда кенг тарқалган камбағаллик профилларини аниқлашда фойдаланилади. Бу бир вақтнинг ўзида камбағалликнинг бир нечта жиҳатига қарши курашишга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқишда муҳим қадам ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, COVID-19 пандемияси ва яшаш харажатлари билан боғлиқ жорий инқирозни ҳисобга олмасак ҳам, 111 та ривожланаётган мамлакатда 1,2 миллиард нафар одам кўп ўлчамли камбағаллик шароитида яшамоқда Камбағаллик, деганда кунига 1,9 доллардан кам даромад топиш тушунилган тақдирда ҳам, бу – камбағал, деб ҳисобланадиганлар сонидан деярли икки баравар кўпдир.
“Уфқни инқироз булутлари буркаб олган ва қарийб 54 та ривожланаётган давлат қарз гирдобида қолиб, давлатларнинг бусиз ҳам чекланган бюджетлари янада қисқараётган бир шароитда – тобора тақчиллашиб бораётган ресурслар ёрдамида энг таъсирчан ўзгаришларни қайси соҳаларда амалга ошириш мумкинлигини тушуниш учун илғор маълумотлар ва таҳлил қилиш имкониятларидан фойдаланиш жуда муҳим. Масалан, ушбу кўп ўлчамли таҳлил шуни кўрсатадики, углеводород ёқилғисининг улушини камайтириш ва тоза энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларга муҳим ҳисса қўшади. Бу эса электр энергияси ва овқат тайёрлаш учун тоза ёқилғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган 600 миллионга яқин одам учун ўта муҳим”, дейди БМТТД маъмури Ахим Штайнер.
Асосан, COVID-19 пандемияси бошлангунига қадар тўпланган маълумотларга асосланган мазкур ҳисоботда, одатда, ёнма-ён юрадиган маҳрумлик тўпламларига қарши курашиш зарурати таъкидланади. Жумладан:
• камбағалларнинг 50 фоиздан зиёди (593 миллион одам) ҳам электр энергияси, ҳам тоза ёқилғидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
• камбағалларнинг деярли 40 фоизи (437 миллион одам) ичимлик суви ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
• камбағалларнинг 30 фоиздан зиёди (374 миллион одам) бир вақтнинг ўзида овқатланиш, овқат тайёрлаш учун ёқилғи, санитария хизматлари ва турар-жойдан маҳрум.
Ҳисоботда камбағалликка қарши курашишнинг янада самарали усулларини излаш учун ушбу қонуниятларни тушуниш муҳимлиги таъкидланади.
“Масалан, Лаос ХДРда овқат тайёрлаш учун ёқилғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган оилалар, кўпинча, фарзандларини мактабга юбора олмайди, негаки болалар ҳар куни ўтин йиғиш билан банд бўлади. Шундай экан, ёқилғи муаммоси бартараф этилмас экан, қишлоқ мактабини қуришнинг ўзи муаммони ечиш учун етарли бўлмайди”, дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботлар бўлими ходими, ҳисобот муаллифларидан бири Тасним Мирза.
Ҳисоботда дунёни турли бурчакларида камбағалликни қисқартириш бўйича қўлланган муваффақиятли комплекс стратегиялардан мисоллар келтирилган. Непалда санитария соҳасига инвестиция киритиш орқали ичимлик сувидан фойдаланиш, болалар овқатланиши ва диарея билан касалланиш даражасини қисқартириш орқали болалар ўлими кўрсаткичларини яхшилашга эришилган. Ҳиндистонда 15 йил ичида 415 миллионга яқин одам кўп ўлчамли камбағалликдан олиб чиқилган бўлиб, бу тарихий ютуқ ҳисобланади.
Пандемияга қадар 72 мамлакатда камбағалликни сезиларли даражада қисқартиришга эришилган эди. Шунга қарамай, ҳисоботда Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ камбағалликка барҳам беришга қаратилган айрим саъй-ҳаракатлар сўнгги пайтларда устма-уст содир бўлаётган инқирозлар оқибатида бесамар кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Камбағаллик профилини аниқлаш камбағалликнинг барча ўлчамлари бўйича маълумотларнинг ишончли базасига таяниб, ҳисоботда, айниқса, энг камбағал мамлакатларда ва энг камбағал одамлар яшайдиган ҳудудларда, камбағаллик тўғрисидаги маълумотларни мунтазам янгилаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайта тиклаш зарурлиги таъкидланади.
Оксфорд университети қошидаги Оксфорднинг камбағалликка қарши кураш ва инсон тараққиёти ташаббуси директори Сабина Алкире шундай дейди:
“Кўп ўлчамли камбағаллик индекси камбағалликнинг монетар ўлчамлари учун муҳим қўшимча ҳисобланади, чунки у маҳрумлик тўпламларини тўғридан-тўғри намойиш этади. Умидимиз шуки, бу йилги маҳрумлик тўпламлари тўғрисидаги маълумотлар ушбу беқарор замонда камбағалликни қисқартириш учун қўшимча қатъият ва аниқлик билан чора кўриш имконини беради”.
Кўп ўлчамли камбағаллик индексида, шунингдек, камбағалликнинг минтақалар кесимидаги чуқур таҳлили келтирилади. Кўп ўлчамли камбағаллик домидаги одамларнинг аксарияти (83%) Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатларида (579 миллионга яқин) ва Жанубий Осиёда (385 миллион) яшайди. Камбағалларнинг учдан икки қисми ўртача даромадли мамлакатларда, 83 фоизи эса қишлоқ жойларда яшайди. Пандемияга қадар эришилган улкан тараққиётга қарамай, Ҳиндистонда ҳали ҳам 229 миллион нафар камбағал бор. Кейинги ўринда 97 миллион нафар камбағал яшайдиган Нигерия туради.
“Кўп ўлчамли камбағаллик индекси БМТТДнинг бутун дунё бўйлаб амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга, негаки биз 2025 йилгача 100 миллион одамни кўп ўлчамли камбағалликдан олиб чиқишдек дадил мақсадимизга эришиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ундан ташқаридаги шерикларимиз билан ҳамкорлик қиламиз”, дейди Ахим Штайнер.
LiveБарчаси