Қамоқхоналарда қийноқлар анча камайган – Абдураҳмон Ташанов
Жамият
−
11 Октябрь 2021
10681Дунёнинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиши долзарб масала бўлиб келмоқда. Оммавий ахборот воситаларини кузатар эканмиз, кимнингдир кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратгани учун қамалгани, бошқа бировнинг эса туҳмат орқали шаъни топталгани, қамоқхонада маҳкумнинг ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани-ю, сиёсий маҳкумларнинг қўлида қонталаш борлиги каби хабарларга дуч келамиз. Кўп ҳолатда ушбу хабарлар кенг жамоатчилик муҳокамасига, уларнинг ҳис-туйғуларини жумбушга келишига сабаб бўлади. Ўзи маҳбусларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Улар учун яқин вақт давомида, қанақа шарт-шароитлар яратиб берилган?
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов жорий йилнинг 8 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияда тергов ҳибсхоналарида тергов қилинаётган ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумларга нисбатан инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг камайганини айтиб ўтди.
“Кейинги пайтларда қамоқхоналарда қийноқлар анча камайган, деярли тўхтаган деса ҳам бўлади. Тўғри баъзан қийноқлар ҳақидаги гаплар янграб қоляпти, лекин улар асосан тергов изоляторларида, яъни сўроқлар жараёнида кузатилади. 2020 йилнинг май ойида қамоқхоналарни давлат сиридан олиб ташлаш бўйича ҳукумат қарори чиққанидан кейин, катта ўзгаришлар бўлди. Ўзбекистонда қанча қамоқхона, қанча маҳкум бор деган маълумотлар очиқланди. Илгари хориж матбуотида “Ўзбекистон – қамоқхоналар мамлакати”, “Ўзбекистонда 100 минг махбус бор”, деган хабарлар тарқаларди. Лекин кейинчалик маълум бўлдики, мамлакатимиз дунёда қамоқхоналарда маҳкумларнинг сони бўйича ижобий статистикага эга”, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.
У сўзида давом этиб, дунёда 100 фоиз қийноқлардан ҳоли бўлган муассасанинг ўзи йўқ эканини қўшимча қилди. Ҳаттоки ривожланган мамлакатларда ҳам худди шунақа. Бундай ҳолатларга қарши курашиш учун “Эзгулик” жамияти бир қанча таклифлар билдирган.
“Ҳукуматга бир қанча таклифлар билан чиқдик. Қамоқхонадаги тиббиёт ходимларини Ички ишлар вазирлигидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсўнадиган қилишимиз керак. Тасаввур қилинг, қамоқхона ходими қийноқ ўтказсада, яна бошқа қамоқхона ходими уни текширса. Бу умуман мантиққа тўғри келмайди. Яна маҳкумларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдорини ҳам ошириш лозим. Ҳозир булар ҳужжатлаштириш жараёнида. Бу ҳужжатлаштиришга қанча вақт кетади, қанча чўзилади бу бизга қоронғу. Аммо ҳаракат бор”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам бу борадаги ҳолатларга муносабат билдириб, фаолияти давомида қамоқхонадаги қийноқларга доир мурожаатларга дуч келмаётганини маълум қилди.
“Омбудсман ўзининг фаолиятини келиб тушаётган мурожаатларга қараб баҳолайди. Ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ ҳолатларини деярли учратмадим. Биз жазони ижро этиш муассасаларига бориб, маҳкумлар билан учрашганимизда ҳеч кимда “мени қийнаяпти”, “мени урди”, “руҳий тазйиқ ўтказди” ёки “руҳий босимлар ўтказяпти”, деган гапларни эшитмадик. Бугунги кунда 120 га қадар мониторинг ташрифи ўтказдик, лекин ҳали бунақа мурожаат келиб тушгани йўқ”, дейди омбудсман Феруза Эшматова.
Таъкидлаш керакки, шахсни қийноққа солиш уни қилмаган ишини бўйнига қўйиш аҳоли орасида тергов ва судга нисбатан нафрат, ишончсизлик ортиб боришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, айбланувчи, гумон қилинувчи, гувоҳ, ҳатто, баъзида жабрланувчини сўроқ қилиш пайтида психологик босимга олиниши кўплаб тергов ва суд хатоларига сабаб бўлади. Бу эса бир шахснинг ноҳақ айбланишига сабаб бўлади ва ҳақиқатнинг очилишига тўсқинлик қилади.
LiveБарчаси