Қамоқдан президентликкача: Жапаров аслида ким?
Таҳлил
−
11 Январь 2021
49063Кеча, 10 январь куни Қирғизистонда муддатидан аввалги президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Қирғизистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, сайловда номзод Садир Жапаров 79,20 фоиз тўплаб, президентлик пойгасининг етакчисига айланди.
Марказий сайлов комиссиясининг расмий натижалари 24 январда эълон қилинса-да, аллақачон кўпчиликнинг овозига эга бўлиб улгурган Садир Жапаров бу сайловда ғолиб бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Қирғизистоннинг бўлажак олтинчи Президенти аслида ким? Қуйида шу ҳақда сўз боради.
Трактор кабинасидан раҳбарлик курсисигача
Аввалроқ, Қирғизистонда президентлик пойгасидаги Жапаровнинг рақибларидан бири Қанибек Иманалиев унинг жисмоний тарбия бўйича дипломга эга эканини айтганди. Аммо расмий таржимаи ҳолга кўра, Жапаров 2006 йилда Қирғиз-рус славян университетини тугатган.
У меҳнат фаолиятини “колхоз”да бошлади. 2002-2005 йилларда эса Жапаров, аллақачон “Нурнефтегаз” компаниясининг бош директори бўлиб ишларди.
Сиёсат томон ташланган қадамлар
Садир Жапаров 2005 йилги парламент сайловларида “Келечек” мухолифат фракциясидан Жогорку Кенешга депутат этиб сайланди ва ўша партиянинг етакчисига айланди.
Парламент сайловларидан кўп ўтмай, мамлакатда норозилик намойишлари бошланиб, улар “Лола инқилоби”га айланди. Ҳукуматга қарши норозилик ҳаракатлари ва инқилобдан сўнг, “Қирғизистон Халқ ҳаракати”нинг лидери Курманбек Бакиев мамлакат Президенти этиб сайланди.
Садир Жапаров ўша ҳаракатнинг тарафдори эди. Овозларни ҳисоблаш ва мухолифатга босимлар билан боғлиқ можароларга қарамай, Садир Жапаров парламентга етиб келди ва Президент Курманбек Бакиевни қўллаб-қувватловчи жанубий гуруҳга қўшилди. 2007 йилга келиб, Садир Жапаров Қурманбек Бакиевнинг маслаҳатчиси бўлди ва бу лавозимни 2009 йилгача эгаллади.
2008 йилда Қирғизистонда коррупциянинг олдини олиш бўйича Республика Миллий агентлиги ташкил этилди. 2009 йилдан унга Садир Жапаров раҳбарлик қила бошлади. Ушбу лавозимда у 2010 йил июнь ойигача ишлади.
Фирибгарликда айбланган депутат
2010 йилдан Садир Жапаров “Ата-Журт” партиясининг таркибида депутатлик фаолиятини давом эттирди.
2012 йил сентябр ойида Қирғизистон Бош прокуратураси Садир Жапаровга қарши жиноий иш қўзғатди. У ўша пайтда “Ата-Журт” фракциясини бошқарар эди. Жапаров Бишкекдаги бинони ноқонуний хусусийлаштиришда айбланган эди. Бироқ, Парламент Садир Жапаровни Бош прокурор томонидан жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўймади.
Ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олиш
2012 йил 3 октябрда “Ата-Журт” партиясининг депутатлари Камчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов бошчилигида Оқ уй олдида намойиш ўтказилди. Бунда Жапаровнинг ўзи қатнашмади. Аммо у ташкилотчиликда айбланди.
Намойиш вақтида депутатлардан бири Қамчибек Ташиев Оқ уйни ўраб турувчи панжара устига чиққан. Кейинчалик, депутатнинг ўзи бу хатти-ҳаракатини “ишга шошилаётгани” билан изоҳлаган.
Бу учун 2013 йил 9 март куни суд Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаровни Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 295-моддаси “Ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олиш ёки ҳокимиятни зўрлик билан ушлаб қолиш” моддаси билан айбдор деб топди ва бир йил олти ойга озодликдан маҳрум қилди. Марказий ижро комиссияси суд қарорини ижро этиб, Садир Жапаровни депутатлик мандатидан маҳрум қилди. Бироқ орадан кўп ўтмай суд Жапаров ва унинг шерикларини оқлаб, залнинг ўзида озод қилди.
Сиёсатчи тақиблар остида
Қирғизистонда 2013 йилнинг баҳори ва ёзининг биринчи кунларида Марказий Осиёдаги энг йирик олтин қазиб олиш конларидан бири – “Қумтор”нинг канадаликлар томонидан эксплуатация қилинишига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Садир Жапаров ўша намойишнинг ташкилотчиларидан бири сифатида кўрсатилганди. Аммо унинг ўзи бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Гап шундаки, 2012 йилдан бошлаб Садир Жапаров ўзининг туғилган жойи Иссиқкўл вилоятида жойлашган ушбу “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш тарафдори бўлиб, коннинг бошқарув компаниясини экологик ҳуқуқбузарликлар ва коррупцияда айблаб келаётган эди.
2013 йилнинг октябрь ойида Қоракўл шаҳрида яна бир намойиш бўлиб ўтди ва бу ҳаракатлар ҳам яна “Қумтор”га боғлиқ эди. Намойишчилар Ҳукуматнинг ваколатли вакили Эмильбек Каптагаевни гаровга олди ва уни ёқиб юбориш билан таҳдид қилди. Митинг охир-оқибатда тарқалиб кетди. Садир Жапаров эса, яна намойишни ташкиллаштиришда айбланди. Бироқ, собиқ халқ депутати буларнинг барчасини рад этиб, айбловлар уйдирма эканини таъкидлади. Шундан сўнг, у таъқиблардан қўрқиб, мамлакатни тарк этди. У дастлаб, кўшни Қозоғистон сўнгра, Россия, Туркия ва Кипрда сарсон-саргардонликда юрди.
Жапаровнинг ҳибсга олиниши
Кейинчалик, суд жараёнларида Эмильбек Каптагаев Садир Жапаровни Қоракўлдаги митингларнинг ташкилотчиси деб билмаслигини, балки ўзини қурбон сифатида билишини айтади.
Орадан вақт ўтиб, Садир Жапаров 2017 йил март ойида Қирғизистонга қайтиб келди. У келган куниёқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Суд Садир Жапаровни Қирғизистон Жиноят Кодексининг “Гаровга олиш” моддаси билан 11 ярим йилга озодликдан маҳрум қилганди.
Сиёсий майдонга қайтиш
Бироқ, 2020 йилнинг 5 октябрь куни Парламент сайловларига қарши бошланган қўзғалон фонида Садир Жапаров тарафдорлари томонидан 1-сонли жазони ўташ муассасидан озод қилинди. Шундан сўнг, кўп нарса ўзгариб кетди. Тақдирни қарангки, 6 октябрь куниёқ, у Бош вазирлик лавозимини эгаллайди. Ваҳоланки, бир кун олдин у шунчаки, маҳбус эди, холос.
2020 йил 15 октябрда Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфосидан сўнг, Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига мувофиқ Садир Жапаров вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бугун, 11 январь куни эса, у келгуси 6 йил давомида Қирғизистонни бошқаришга яқин турибди.
LiveБарчаси