Қамоқдаги Гулнора Каримованинг ҳашаматли уйи сотилди. Уйга “Zeromax”нинг қандай алоқаси бор эди?

Таҳлил 27934
image

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова қамоқда бўлишига қарамай, унинг Гонгконгдаги ҳашаматли кўчмас мулки 68,4 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда “The Globe and Mail” нашри хабар берди.

Манбада қайд этилишича, Гулнора Каримова шахси билан боғлиқ клиптократия иши ва унинг ортидан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги ҳибсда бўлгани мазкур пентҳауснинг яна бир бор савдога қўйилишига ҳалал бермаган. 

Шунингдек, нашр Гулнора Каримовага қарашли пентҳауснинг 2008 ва 2016 йилларда савдога қўйилишига алоқадор бир қанча далилларни ҳам очиқлади. Мазкур оммавий нашр вакиллари томонидан ер реестри ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида аниқланган ушбу савдо битимлари илк бор оммага маълум қилинди.

Хусусан, 2008 йилда Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага алоқадор компанияга мазкур пентҳаус 36,5 миллион долларга сотилган. Уч ой ўтгач, кўчмас мулк яна катта чегирма билан бошқа компанияга сотилди. Уни Каримова хоним билан яқин алоқада бўлгани айтиладиган собиқ эстрада юлдузи Рустам Мадумаров бошқарган.

Ўзбекистон, Швейцария ва Қўшма Штатлардаги жиноий текширувлар натижасида юзага чиққан бу битимлар шубҳали манбалардан маблағлар Хитой ҳудудига қандай кириб боришига бир мисолдир. Ушбу пуллар дунёдаги энг қиммат кўчмас мулкда сақланиши ёки Гонконгда ва бошқа солиқ юкидан холи ҳудудларда осонгина ташкил этилган оффшор компаниялар тармоғи орқали легаллаштирилиши мумкин.

“Ҳатто, бир нечта мамлакатлардаги суд жараёнлари ҳам мазкур кўринишдаги бойликнинг ҳаракатини тўхтата олмаганга ўхшайди. 2016 йилда “The Arch” мажмуасидаги пентҳаусга эгалик қилган ва охир-оқибат жаноб Мадумаров томонидан назорат қилинган компания уни 68,4 миллион долларга сотган”, дейилади хабарда.

Мазкур воқеаларга муносабат билдириб, Ольстер университетининг криминологи ва Ўзбекистон бўйича эксперти Кристиан Ласслетт ушбу битимни “жуда ақл бовар қилмайдиган” деб таърифлаган ва бу воқеаларни “дунёдаги энг шов-шувли клептократия иши...”, дея баён этган.

Ўз ўрнида, Гулнора Каримованинг шов-шувларга сабаб бўлган Гонгконгдаги кўчмас мулки сотилиши ва бунинг ортидан юзага чиққан тафсилотлар Швейцарияда хатловдан ўтган йирик ўзбек конгломерати “Zeromax” билан боғлиқ янги маълумотларни ҳам очиқлади. 

“Тахминан шу даврдаги (2016) бошқа хабарларда Каримова хоним бойлигининг катта қисми Швейцарияда рўйхатдан ўтган, нефть ва газдан тортиб тўқимачилик ҳамда қишлоқ хўжалигигача бўлган барча соҳаларда активларга эга бўлган йирик ўзбек конгломерати “Zeromax” билан боғлиқлиги қайд этилган. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга кўра, Каримова хонимнинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий томонидан 2006 йилда АҚШда “Zeromax” ширкати судга берилиб, Мақсудий мазкур компанияни Каримова хоним билан муносабатлари тугаганидан сўнг Ўзбекистон давлати ундан мусодара қилинган бизнеслар устидан назоратни қўлга олишда айблаган. 2008 йилнинг сентябрь ойида маълум қилинган Гонконг ер реестри ҳужжатларига кўра, “The Arch” мажмуасидаги пентҳаус иншооти “Zeromax” томонидан сотиб олинган ва шартнома Икромжон Ёқубов исмли менежер томонидан имзоланган. Уч ой ўтгач, у яна сотилган”, дейилади хабарда.

Тўпланган далиллар асосида Гулнора Каримованинг хориждаги мулклари ва “Zeromax” компаниясининг кейинги фаолияти билан боғлиқ тафсилотлар очиқланди. Унга кўра, собиқ сиёсатдон ва жамоатчи аёл Гонгконгдан ташқари Лондон ва Парижда ҳам кўчмас мулкларга эга бўлган.

“Zeromax” 2010 йилда Швейцария тарихидаги энг йирик банкрот ҳолатларидан бири оқибатида қулади ва тез орада мазкур мамлакат (Швейцария) ва АҚШ прокурорлари компания, шунингдек, Каримова хоним, у  билан боғлиқ иккита телекомпания — MTS ва “TeliaSonera”ни текширишни бошлади. Охир-оқибат, мазкур компаниялар у (Гулнора Каримова) бир миллиард АҚШ долларига яқин пора олганини, бутун дунё бўйлаб ҳисоб рақамлари орқали пул ювганини ва Гонконг, Лондон ҳамда Париждаги мулкларини кўпайтирганини даъво қилди”, дейилади хабарда.

Каримова хонимнинг Женевада истиқомат қилувчи адвокати Грегуар Манжеатнинг айтишича, унинг мижози (Гулнора Каримова) “Zeromax” билан алоқасини рад этган. 

Бундан ташқари, адвокатнинг ўзи Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши билдирилган даъволарни ҳам инкор этиб, Ўзбекистон ҳукумати асосий инсон ва процессуал ҳуқуқларни ҳурмат қилмаслигини айтган.
2016 йилга келиб компания билан алоқадор деярли ҳар бир шахс қамоқда бўлганлиги мазкур мулкнинг сотувга қўйилишига асло ҳалал бермаган.

Сўнги савдо битимига кўчмас мулк эгаси сифатида Қуан Вей исмли шахс имзо чеккан. Унинг номи мазкур ишга оид бошқа бирорта ҳужжатда учрамайди. Қуан Вей билан боғланиб бўлмаган ва келишувга алоқадор бошқа шахслар ҳам оммавий ахборот воситалари сўровларига жавоб бермаган.

Хабарда келтирилишича, пентҳаус мулкининг ҳозирги хўжайинлари улар мулк сотиб олган одамлар жиноий ишларга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлишмаган. Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорсиуми томонидан юритиладиган Offshore Leaks маълумотлар базасига кўра, “The Arch” даги 30 дан ортиқ хонадонлар хусусан, Гулнора Каримованинг мулклари ҳам Кайман ва Бермуд ороллари, Британия Виржиния ороллари каби солиқ юкидан олисдаги компаниялар билан боғланган.

Нашрнинг маълум қилишича, Гулнора Каримованинг кўплаб мулклари аллақачон унинг тасарруфидан чиқиб бўлган ёки оффшор компаниялар тармоғининг бир қисмига айланиб кетган. Бу эса унинг ноқонуний ўзлаштирилган маблағларини мамлакатга қайтаришга тўсқинлик қилади.

Шаҳзод Нусратуллаев

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 476
Рейтинг: 3.1
t
×